Тошкент вилоятида касб кўргазмаси ўтказилди
Мамлакатимизда ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хусусан, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни салоҳиятли иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотга жалб этиш борасида ҳудудларда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда ташкил этилаётган меҳнат ярмаркалари ва касб кўргазмалари ёш мутахассисларнинг ўз иқтидорини рўёбга чиқаришига хизмат қилаётган амалий майдонга айланмоқда.
Тошкент вилояти талабалари учун Тошкент давлат аграр университетида ўтказилган “Келажак тадбиркори – 2026” касб кўргазмаси ҳам айнан аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга йўналтириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Мазкур тадбир кўплаб иш берувчилар, талаба-ёшлар ва иш излаётган фуқароларни бир майдонга жамлади.
Кўргазмада жами 105 нафар иш берувчи тадбиркор иштирок этиб, улар томонидан 1 091 та бўш иш ўрни таклиф қилинди. Тадбирга ташриф буюрган талаба-ёшлар ва ишсиз фуқаролар сони эса 10 972 нафарни ташкил этди.
Кўргазма натижаларига кўра, 681 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 244 нафар талаба-ёш ва ишсиз фуқаро касбга йўналтирилди. Бу эса тадбирнинг аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни танлашга кўмаклашиш борасидаги амалий аҳамиятини кўрсатади.
“Келажак тадбиркори – 2026” касб кўргазмаси иш берувчилар ва иш изловчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш ҳамда ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муҳим имконият яратди.
[gallery-32186]
Хулоса қилиб айтганда, бундай кенг қамровли касб кўргазмалари ва меҳнат ярмаркалари ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш, тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш ва ҳудудда янги иқтисодий имкониятларни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Муҳими, бу каби ташаббуслар битирувчи ёшларнинг меҳнат бозорига ишонч билан кириб бориши ва ўз келажагини юрт тараққиёти билан боғлашига мустаҳкам замин яратади.
Камола Юсупова, ЎзА