Рақамли инфратузилмани ривожлантиришда Европа тажрибаси жалб этилади
Ўзбекистонда рақамли соҳани ривожлантириш йўлида халқаро ҳамкорлик янада фаоллашмоқда.
Бу гал диққат марказида Европа Иттифоқи билан қўшма лойиҳалар турибди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Европа комиссиясининг халқаро ҳамкорлик бўйича бош дирекцияси ҳузуридаги Марказий Осиё ва Афғонистон бўлими раҳбари Шарлотта Адриан ҳамда European Union Delegation to Uzbekistan вакиллари билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида рақамли трансформация, телекоммуникация инфратузилмасини кенгайтириш ва айниқса чекка ҳудудларда замонавий алоқа хизматларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, Европа Иттифоқининг глобал боғланиш ташаббуси доирасида Марказий Осиёнинг олис ҳудудларида телекоммуникация хизматларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, техник ва молиявий жараёнларни мувофиқлаштириш ҳамда амалий ишлар суръатини тезлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Учрашув якунида рақамли инфратузилма, сунъий йўлдош алоқаси ва минтақавий рақамли интеграция каби йўналишларда ҳам фикр алмашилди. Бу эса Ўзбекистоннинг рақамли тараққиётида янги имкониятлар очиши мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА