Қатарлик инвесторлар Ўзбекистоннинг IT салоҳиятига қизиқиш билдирмоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қатарнинг MBK Holding асосчиси ва бошқарув раиси Шайх Мансур бин Халифа Ол Тани билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилинди. Жумладан, IT Park Uzbekistan фаолияти, мамлакатда шаклланган IT-экотизим, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва IT-хизматлар экспортини кенгайтириш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, UZINFOCOM томонидан рақамли ҳукумат инфратузилмасини ривожлантириш, давлат ахборот тизимларини модернизация қилиш, дата-марказлар фаолияти, булутли технологиялар, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди.

Музокараларда сунъий интеллект, киберхавфсизлик, дата-марказлар ва юқори технологияли инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Айниқса, Ўзбекистоннинг ёш ва малакали кадрлар салоҳияти, уларни халқаро бозор талабларига мос тайёрлаш ҳамда инновацион иқтисодиёт учун инсон капиталини ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Томонлар Қатар инвестицияларини Ўзбекистоннинг рақамли соҳасига жалб қилиш, стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш ва замонавий технологиялар асосида янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
MBK Holding 1969 йилда Доҳа шаҳрида ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга оширган ва қатор мамлакатларда ўз ваколатхоналарига эга.
Н.Раҳмонова, ЎзА