Рақамли дунёда ҳуқуқий ҳимоя: Ўзбeкистонда ҳуқуқшунослар бунга тайёрми?
Рақамлашиб бораётган дунёда ҳуқуқий соҳа қандай бўлиши керак? Мураккаблашиб бораётган кибержиноятларни аниқлаш ва фош этишга ҳуқуқшунослар тайёрми? Ёки айнан ушбу йўналишда мутахассислар қандай тайёрланиши керак?
Юридик фанлари доктори, профессор Дилдора Умархонова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Айтингчи, Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик таълими замонавий технологик жараёнларга қандай мослаштирилмоқда?
– Бу жуда ҳам долзарб масала бўлиб, бугунги кундаги стратегик вазифалардан бирига айланган. Мазкур жараённинг муҳим босқичларидан бири – Тошкент давлат юридик университетида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Рақамли ҳуқуқ” халқаро таълим йўналишининг ташкил этилгани бўлди.
Бу йўналиш ҳуқуқшунослик таълимининг мазмунини рақамли трансформация шароитига мослаштириш, технологик билим ва ҳуқуқий тафаккурни ягона таълим моделига уйғунлаштириш ҳамда янги авлод ҳуқуқшуносларини тайёрлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Айниқса, сунъий интеллект қарорлар қабул қилишда қўлланилса, бу қарорлар учун ким жавобгар бўлиши масаласи ҳам бор. Автоматлаштирилган тизимлар шахсга оид маълумотларни қайта ишлаганда эса маълумотларни ҳимоя қилиш, розилик, маълумотлардан фойдаланиш чегаралари ва шахснинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ саволлар пайдо бўлади.
Электрон платформалар орқали хизмат кўрсатишда эса шартнома муносабатлари, истеъмолчилар ҳуқуқлари, платформаларнинг жавобгарлиги ва низоларни ҳал этишнинг янги механизмлари талаб этилади.
Кибержиноятчиликнинг ривожланиши эса жиноят-ҳуқуқий ва жиноят-процессуал механизмларнинг рақамли муҳитга мослашувини тақозо этмоқда.
Рақамли далилларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш ва судда баҳолаш анъанавий далиллардан сезиларли даражада фарқ қилади. Шу сабабли, келажакдаги ҳуқуқшунос электрон излар, рақамли далиллар ва технологик инфратузилма ҳақида профессионал даражада тасаввурга эга бўлиши зарур.
– Рақамли иқтисодиётда ҳуқуқшуноснинг ўрни ва роли қандай бўлади?
– Бу жараёнда ҳуқуқшунос тайёр нормани қўллаш билан чеклана олмайди. У янги технологиянинг ҳуқуқий хавфларини олдиндан баҳолайдиган, бизнес жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан лойиҳалайдиган ва технологик ривожланиш билан ҳуқуқий тартибга солиш ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган мутахассис бўлиши керак.
Демак, рақамли трансформация шароитида “яхши ҳуқуқшунос” тушунчасининг ўзи ҳам янгиланмоқда. Ҳуқуқий билим билан бир қаторда аналитик фикрлаш, технологик саводхонлик, маълумотлар билан ишлаш, рақамли хавфларни баҳолаш ва технологик жараёнларни ҳуқуқий нуқтаи назардан таҳлил қилиш қобилиятлари янги профессионал компетенцияларнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
– Ўзбекистонда юридик таълим ва илм-фанни замонавий талабларга мослаштириш жараёни қачон бошланган?
– Мазкур жараённинг муҳим ҳуқуқий асосларидан бири – давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм - фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидир. Унда таълим жараёнларига сунъий интеллектни жорий этиш, ҳуқуқий технологиялар ва рақамли ҳуқуқ соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида “Рақамли ҳуқуқ” халқаро таълим йўналишини жорий этиш вазифаси белгиланди.
Бунда муҳим жиҳат шундаки, рақамли ҳуқуқни фақат “IT соҳасидаги қонунчилик” сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди. Рақамли ҳуқуқ фанлараро хусусиятга эга бўлиб, унда ҳуқуқшунослик билан бир қаторда ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, маълумотлар таҳлили, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётга оид билимларнинг ўзаро интеграцияси талаб этилади.
– Сунъий интеллект даврида янги авлод ҳуқуқшуноси қандай бўлиши керак?
– Сунъий интеллект юридик фаолиятнинг кўплаб жараёнларини ўзгартирмоқда. Ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, суд амалиётини излаш, шартномаларни кўриб чиқиш, ҳуқуқий хавфларни аниқлаш ва катта ҳажмдаги ҳуқуқий маълумотларни қайта ишлашда СИ (АI) воситаларидан фойдаланиш тобора кенгаймоқда.
Бироқ, технологиянинг ривожланиши ҳуқуқшуноснинг аҳамиятини камайтирмайди. Аксинча, ҳуқуқшунос олдида янги вазифаларни юзага келтиради. Масалан, СИ томонидан тайёрланган ҳуқуқий хулосанинг ишончлилигини ким баҳолайди? Алгоритм шахс ҳуқуқни камситувчи қарор чиқарса, жавобгарлик кимнинг зиммасида бўлади? СИ тизими шахсга доир маълумотларни қайта ишлаганда шахснинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади? СИ яратган контентга нисбатан интеллектуал мулк ҳуқуқи қандай белгиланади?
Бу саволларнинг аксариятига фақат технологик нуқтаи назардан жавоб бериб бўлмайди. Улар ҳуқуқий, ахлоқий ва ижтимоий масалаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олади.
Шу сабабли, келажакдаги ҳуқуқшунос СИ воситаларидан фойдаланишни билиши билан бир қаторда, унинг ҳуқуқий чегараларини ҳам тушуниши керак.
– Демак, “Рақамли ҳуқуқ” битирувчилари учун истиқболдаги профессионал йўналишлар жуда кенг бўлиши мумкин. Шундайми?
– Ҳа, шундай. Улар рақамли платформалар ва АТ компанияларида юридик маслаҳатчи ва бошқа мутахассисликларда ишлаши мумкин. Давлат органларида рақамли сиёсат ва тартибга солиш бўйича эксперт, юридик технологиялар соҳасидаги тадқиқотчи ёки халқаро ташкилотларда технология ва ҳуқуқ кесишмасидаги мутахассис сифатида фаолият юритиши мумкин.
Келажакда рақамли ҳуқуқ бўйича мутахассислар давлат сиёсатини ишлаб чиқишда, қонунчиликни такомиллаштиришда, янги технологияларни ҳуқуқий тартибга солишда ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Айниқса, сунъий интеллектни тартибга солиш, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли платформалар фаолияти, электрон тижорат, кибержиноятчилик, рақамли далиллар, финтеч, смарт cонтраcтс ва бошқа технологик йўналишларда юқори малакали ҳуқуқшуносларга эҳтиёж тобора ортиб боради.
Шунингдек, рақамли ҳуқуқнинг ривожланиши қонунчилик ижодкорлигининг ўзига ҳам таъсир кўрсатади. Чунки технологиялар тез ўзгараётган шароитда қонун чиқарувчи янги ҳуқуқий муносабатларни олдиндан кўра олиши, хавфларни баҳолаши ва технологик инновацияларни чеклаб қўймасдан, шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ва жамоат манфаатларини самарали ҳимоя қиладиган тартибга солиш механизмларини яратиши керак. Бу эса ҳуқуқшунослик таълимидан янада кенгроқ ва фанлараро ёндашувни талаб қилади.
– Рақамли ҳуқуқ йўналишида шаклланаётган янги мутахассисларга яна қандай талаблар қўйилади?
– Янги авлод ҳуқуқшуноси, бир томондан, конституциявий, фуқаролик, жиноят, маъмурий, халқаро ва бошқа ҳуқуқ тармоқларининг фундаментал асосларини чуқур билиши керак. Иккинчи томондан эса, у рақамли технологияларнинг ишлаш тамойилларини тушуниши, маълумотлар билан ишлай олиши, алгоритмик жараёнларни таҳлил қила олиши ва технологик муаммоларнинг ҳуқуқий оқибатларини баҳолаши лозим.
Бундан ташқари, янги авлод ҳуқуқшуносида бир нечта муҳим кўникмалар шаклланиши зарур.
Биринчиси – аналитик фикрлаш. Рақамли ҳуқуқ доирасидаги кўплаб масалаларда тайёр ҳуқуқий норма мавжуд бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли мутахассис янги вазиятни мустақил таҳлил қила олиши керак.
Иккинчиси – технологик саводхонлик. Ҳуқуқшунос дастурчи бўлиши шарт эмас, бироқ у сунъий интеллект, маълумотлар базаси, алгоритмлар, рақамли платформалар ва киберхавфсизликнинг асосий тушунчаларини билиши зарур.
Учинчиси – халқаро фикрлаш. Рақамли муҳит чегарасиз бўлгани сабабли ҳуқуқшунос бир нечта юрисдикциядаги тартибга солиш механизмларини қиёслай олиши керак.
Тўртинчиси – этик масъулият. Технология самарадорликни ошириши мумкин, бироқ инсон ҳуқуқларига хавф туғдириши ҳам мумкин. Шу сабабли, рақамли ҳуқуқшунос технологик инновация билан инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олади.
Бешинчиси – доимий ўрганиш қобилияти. Рақамли технологиялар жуда тез ривожланади. Бугунги кунда долзарб бўлган технология бир неча йилдан кейин ўз ўрнини бошқа ечимга бўшатиши мумкин. Демак, рақамли ҳуқуқшуноснинг энг муҳим компетенцияларидан бири – ўз билимларини мунтазам янгилаб бориш қобилиятидир.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент давлат юридик университетида “Рақамли ҳуқуқ” халқаро таълим йўналишининг ишга туширилиши Ўзбекистонда юридик таълим ривожининг янги босқичини бошлаб берди.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.