Жаҳон иқтисодий форуми иштирокчилари Рақамли технологиялар вазирлигида
Рақамли технологиялар бугун иқтисодиётнинг деярли барча соҳасига кириб бормоқда.
Бу жараёнда халқаро тажриба ва ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазирлигида Жаҳон иқтисодий форуми вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Унда Жаҳон иқтисодий форумининг Европа ва Евроосиё йўналиши бўйича ҳамкорлик раҳбари Марвен Гарбаа ҳамда «Европа ва Евроосиё — ҳудудлар, савдо ва геосиёсат маркази» вакили Дитрих Жон иштирок этди.

Мулоқотда Жаҳон иқтисодий форумининг устувор йўналишлари, амалга ошираётган ишлари ва Ўзбекистоннинг рақамли тараққиёт бўйича режалари ҳақида фикр алмашилди.
Асосий масала эса икки томонлама ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат бўлди. Хусусан, истиқболли йўналишларни белгилаш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва рақамли соҳада халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Жаҳон иқтисодий форуми давлатлар, бизнес, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирувчи халқаро платформа ҳисобланади. 1971 йилда ташкил этилган форум глобал ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича мулоқот ва ҳамкорлик учун майдон яратиб келмоқда.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва форум ўртасидаги мулоқотни давом эттириш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва истиқболли ташаббусларни илгари суришга келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА