Рақамли божхона — шаффофлик ва тезкор хизматлар сари муҳим қадам
Бугунги кунда давлат хизматларини рақамлаштириш аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни кенгайтириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда шаффоф бошқарувни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Айниқса, ташқи иқтисодий фаолиятни янада енгиллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро вилояти божхона бошқармасида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси раҳбарияти иштирокида муҳим учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришнинг замонавий тенденциялари ҳамда рақамлаштириш истиқболлари” мавзусида атрофлича тақдимот ўтказилди. Унда божхона тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли рақамли ислоҳотлар, электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, ахборот алмашинувини автоматлаштириш ва замонавий технологияларнинг амалий натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда божхона органларида 44 дан ортиқ автоматлаштирилган ахборот тизими самарали фаолият юритмоқда. Мазкур платформалар орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари кўплаб хизматлардан электрон шаклда фойдаланмоқда. Бу эса расмийлаштириш жараёнларини сезиларли даражада тезлаштириб, ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш, инсон омилини камайтириш ва хизматлар сифатини янада ошириш имконини бермоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Инспекция раҳбари Ф. Рустамов божхона тизимида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, электрон хизматларнинг жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан, масофадан туриб божхона хизматларидан тез, қулай ва шаффоф тарзда фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Бу эса мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда давлат хизматларининг очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашувда ахборот ва киберхавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармаси ҳамда Инспекциянинг Бухоро вилояти ҳудудий бўлими ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш, рақамли инфратузилмани муҳофаза қилиш бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик ишлари юксак баҳоланди.
Шунингдек, икки идора ҳамкорлигида мунтазам ўтказиб келинаётган семинарлар, ўқув машғулотлари ва тарғибот тадбирлари нафақат соҳа ходимларининг касбий малакасини оширишга, балки аҳолининг ҳуқуқий ва техник саводхонлигини юксалтиришга ҳам самарали ҳисса қўшаётгани қайд этилди. Бу каби тадбирлар рақамли маданиятни шакллантириш, киберхавфсизлик соҳасида огоҳликни кучайтириш ҳамда замонавий технологиялардан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бугун рақамли божхона — бу шунчаки электрон тизим эмас, балки тезкорлик, шаффофлик, ишонч ва қулайликни ўзида мужассам этган янги бошқарув модели ҳисобланади. Бухоро вилояти божхона бошқармасида ўтказилган мазкур учрашув эса рақамли трансформация жараёнларини янада жадаллаштириш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва давлат хизматларини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида аҳамият касб этди.
Зеро, рақамли технологиялар кенг жорий этилган тизимда вақт тежалади, ортиқча сарсонгарчилик барҳам топади, энг муҳими эса давлат ва жамият ўртасидаги ишонч янада мустаҳкамланади. Бу эса Янги Ўзбекистонда замонавий, инновацион ва инсон манфаатларига хизмат қилувчи давлат бошқарувини шакллантириш йўлидаги устувор вазифаларнинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири