Лойиҳа амалга ошгач, 55 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланади
Навоий вилоятининг Кармана тумани марказида марказлашган оқова сув тизимларини қуриш лойиҳасига старт берилди.
Тадбирда “Ўзсувтаъминот” АЖ Бошқарув раиси Аҳмад Сувонқулов, вилоят ҳокими ўринбосари Акбар Ниёзов, Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев ва нуронийлар иштирок этиб, лойиҳа доирасида бунёд этиладиган иншоот пойдеворига рамзий тамал тошини қўйишди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ва экологик хавфсизликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Навоий вилояти Кармана туманида оқова сув тизимларини қуриш” ҳамда “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан шу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Мазкур қарорга мувофиқ, Навоий вилоятининг Кармана туманида марказлашган оқова сув тизимларини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 28,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 25,2 миллион АҚШ доллари Франция тараққиёт агентлиги маблағлари ҳисобига, 3,3 миллион АҚШ доллари эса Ўзбекистон Республикаси томонидан молиялаштирилмоқда.
– Лойиҳа 3 босқичда амалга оширилади, – дейди “Навоийсувтаъминоти” АЖ раҳбари Отабек Зарипов. – 1-босқичда 8,2 минг куб метр қувватга эга замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади. 2-босқичда 152 километр узунликдаги оқова сув тармоқлари барпо этилса, сўнгги босқичда 4 та оқова сувни ҳайдаш насос станцияси (КНС) ҳамда уларга туташ босимли қувур тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилади. Натижада Кармана туманидаги 14 та маҳаллада истиқомат қилаётган 55 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланади. Энг муҳими, ҳудудда мазкур хизмат билан қамров даражаси амалдаги 0 фоиздан 90 фоизгача ошади.
[gallery-30636]
Лойиҳалаш ишлари Туркиянинг “SAFEGE Ankara” ва “TUMAS2 консорциуми томонидан амалга оширилмоқда. Техник қўллаб-қувватлаш ишларида эса Франциянинг “SEURECA”, Ўзбекистоннинг 2Global Business Service” ҳамда Австралиянинг “SMEC International PTY” компаниялари иштирок этмоқда. Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 2,8 миллион АҚШ доллари маблағ ўзлаштирилди. Оқова сув тозалаш иншооти қурилиши бўйича тендер жараёнлари якунланиб, пудрат шартномасини имзолаш арафасида турибди. Шунингдек, насос станциялари ва оқова сув тармоқлари бўйича ҳам барча лойиҳалаш ишлари тугалланиб, амалий босқичга ўтилмоқда.
2026 йилда оқова сув тозалаш иншооти қурилиши учун 10 миллион АҚШ доллари маблағини ўзлаштириш, икки йирик тендерни якунлаш ва пудрат ташкилотлари билан шартномалар имзолаш режалаштирилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари