Рақамли аудит ва сунъий интеллект масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Конференциянинг биринчи куни Ёшлар ижод саройида, иккинчи куни эса IT Park Uzbekistan мажмуасида ўтказилди.
Анжуманда давлат аудити, рақамли трансформация, Big Data ва сунъий интеллект технологияларини аудит тизимига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда INTOSAI ва ASOSAI каби халқаро ташкилотларга аъзо 30 дан ортиқ мамлакатдан 50 дан зиёд аудиторлар, халқаро экспертлар ва IT мутахассислари иштирок этди.

Конференциянинг иккинчи куни GovTech кўргазмаси билан бошланиб, унда давлат бошқаруви ва аҳолига хизмат кўрсатишга қаратилган замонавий рақамли платформалар ва инновацион технологиялар намойиш этилди.
Тадбирни рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов очиб берди. У ўз нутқида мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, IT компаниялар учун яратилган имкониятлар ва IT хизматлар экспорти ҳажми ортиб бораётганини таъкидлади.

Конференция доирасида IT-аудит, сунъий интеллект асосидаги аудит механизмлари, давлат ташкилотларида ахборот хавфсизлиги, масофавий аудит тизимлари ва катта ҳажмли маълумотларни интеллектуал таҳлил қилишга бағишланган сессиялар ташкил этилди. Хитой, Венгрия, Туркия, Чехия ва бошқа давлатлар вакиллари давлат аудитида рақамли технологияларни қўллаш бўйича ўз тажрибаларини тақдим қилди.

Шунингдек, тадбир доирасида “Аудит ва спорт бирлиги” шиори остида спорт ва маданий дастурлар ҳам ташкил этилди. Унда миллий таомлар кўргазмаси, спорт чиқишлари ва турли мусобақалар ўтказилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА