Бозорда хавфли маҳсулотларни аниқлаш механизмлари жорий этилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан бозор назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда, бозор назорати органлари ҳамда иқтисодий операторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, бозор назорати органлари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш, хавфли маҳсулотларни аниқлаш ва уларнинг бозорда тарқалишининг олдини олиш бўйича замонавий механизмларни жорий этиш кўзда тутилмоқда.

— Қонун лойиҳасида бозор назорати жараёнида маҳсулотларнинг мажбурий талабларга мувофиқлигини текшириш ва хавфли маҳсулотларнинг муомалага киритилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда, — дейди Экофракция аъзоси Моҳира Хўжаева. — Шунингдек, масофавий савдо шакллари, жумладан электрон савдо майдончалари орқали муомалага киритилаётган маҳсулотларни бозор назорати билан қамраб олишга қаратилган нормалар ҳам такомиллаштирилмоқда. Лойиҳадаги нормалар бозор назорати соҳасидаги муносабатларни комплекс тартибга солиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Йиғилиш муҳокамаларида фракция аъзолари бир қатор фикр ва таклифларни билдирдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА