Рақамлаштириш ва инвестиция йўналишида халқаро ҳамкорлик
Бугун жаҳон иқтисодиётида рақамли трансформация, "яшил" технологиялар ва замонавий ишлаб чиқариш ечимларини жорий этиш ҳудудлар тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Бу борада Япониянинг илғор тажрибаси ва технология борасидаги салоҳияти Тошкент вилояти учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Япониянинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашиб, ҳудудда инвестициявий ва технологиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқотда Япония компанияларининг рақамли трансформация, “яшил” технологиялар, саноатни модернизация қилиш ва замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш борасидаги илғор тажрибаси, шунингдек, Тошкент вилоятининг инвестициявий салоҳияти ва мавжуд имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, ҳозир вилоятда хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, замонавий технологияларни жалб этиш ва юқори қўшилган қийматга эга лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Япония компаниялари билан ҳамкорликда IT-аутсорсинг марказини ташкил этиш, Нурафшон шаҳрида “ақлли шаҳар” пилот лойиҳасини амалга ошириш, давлат бошқаруви, коммунал хўжалик, тиббиёт ва транспорт соҳаларига замонавий рақамли ечимларни жорий этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Бундай лойиҳалар ҳудудда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва бошқарув жараёнларининг самарадорлигини таъминлаш билан бирга, янги инвестициялар учун ҳам кенг имконият яратади.

Учрашувда саноат кооперациясини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Сайдовул” саноат зонасида Япониянинг мебель ва дизайн кластерини ташкил этиш, илғор технологиялар асосида япон мебель маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ҳамда уларни ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — кадрлар тайёрлаш. Шу мақсадда япон компаниялари билан биргаликда касбий кўникмалар ва япон тилини ўргатиш марказларини ташкил этиш таклиф қилинди. Уларда ёшларни IT, тиббий парвариш, мебелсозлик каби талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича замонавий стандартлар асосида тайёрлаш назарда тутилмоқда.
Бу ташаббуслар, аввало, ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мулоқот якунида томонлар билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва уларни биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
А.Мусаев, ЎзА