Тез тиббий ёрдам тизимида рақамлаштириш ва замонавий ёндашувлар
Мамлакатимизда аҳолига тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, айниқса, шошилинч ҳолатларда фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини асраш мақсадида тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада бошқарув самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва тиббиёт ходимлари малакасини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июлдаги ПҚ-283-сон қарори асосида Республика тез тиббий ёрдам маркази ҳамда унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил этилиб, тизимда ягона вертикал бошқарув йўлга қўйилди.
Айни пайтда тизим таркибида 14 та ҳудудий филиал, 184 та станция, 40 та подстанция, 1 минг 489 та таянч пункти ва 2 минг 872 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият кўрсатмоқда. Улар 3 минг 987 та транспорт воситаси ва 66 минг 802 нафар ходим билан таъминланган.
Сўнгги ўн йилда тез тиббий ёрдам таянч пунктлари сони 818 тадан 1 минг 489 тага, бригадалар сони эса 1 минг 648 тадан 2 минг 872 тага етказилди.
Рақамлаштириш — тезкорлик ва самарадорлик омили
Тез тиббий ёрдам тизимида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва чақирувларга тезкор жавоб бериш имконини бермоқда.
Хусусан, диспетчеризация, дори воситалари ҳаракати, автотранспорт бошқаруви ва фавқулодда вазиятларни назорат қилиш жараёнлари рақамлаштирилди.
103 ва 112 рақамларига келиб тушган чақирувлар электрон тизим орқали қабул қилиниб, сараланади ҳамда беморга энг яқин тез тиббий ёрдам бригадасига планшет орқали юборилади.
Бунинг натижасида чақирувни қабул қилиш вақти 6–8 дақиқадан 1–2 дақиқага, чақирувни бригадага етказиш вақти эса 10–20 дақиқадан 1–2 дақиқага қисқарди. Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам машиналарининг етиб бориш вақти 20–30 дақиқадан 10–15 дақиқага туширилди.
Хизмат кўрсатишдаги кечикишлар ҳам 15 фоиздан 8–9 фоизга камайди. 2025 йилда тез тиббий ёрдам тизими DMED ягона соғлиқни сақлаш платформаси билан интеграция қилинди. Бу орқали беморларнинг тиббий тарихи ҳамда “103” хизматига қилинган чақирувлар ҳақидаги маълумотларни электрон алмашиш имконияти яратилди.
Шунингдек, бригадалар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш ва чақирувлар сифатини баҳолаш имконини берувчи “Call-back” тизими жорий этилди. Натижада аҳолидан келиб тушаётган шикоятлар 36 фоизга камайди.
Чақирувлар ҳажми ортиб бормоқда
“103” хизмати аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим ўрин тутади. Айниқса, инсон ҳаёти учун ҳал қилувчи бўлган “олтин соат”да тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш самарали даволашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
2025 йилда тез тиббий ёрдам хизматига 14 миллион 299 минг 948 та чақириқ келиб тушди. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичга нисбатан қарийб 1 миллионта кўп. 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра эса “103” бригадалари томонидан 7 миллион 876 мингдан зиёд чақирувга хизмат кўрсатилди.
Янгиланаётган автопарклар
Тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ва қулай транспорт воситалари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан тез тиббий ёрдам тизимига 1 мингта замонавий Volkswagen Caddy русумли махсус автомобиль етказиб берилди.
2025 йилдан айрим ҳудудларда электромобиль тез тиббий ёрдам машиналаридан фойдаланиш йўлга қўйилди. Жумладан, Бухоро шаҳрининг сайёҳлар гавжум бўладиган ҳудудларида электромобил тез тиббий ёрдам хизмати 24/7 тартибида ташкил этилди. Бу каби замонавий транспорт воситалари хизматнинг тезкорлиги ва экологик самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Кадрлар салоҳияти — тизим самарадорлигининг муҳим омили
Тез тиббий ёрдам тизимида хизмат кўрсатиш сифатини оширишда тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда махсус ўқув ва симуляция марказлари ташкил этилмоқда. Кореянинг Халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси — KOFIH грантлари доирасида замонавий симуляция марказлари барпо этилди.
2022 йилдан буён қарийб 15 минг нафар шифокор, ўрта тиббиёт ходими, ҳайдовчи ва бошқарув ходимининг малакаси оширилди ҳамда қайта тайёрланди. Бундай ўқувлар тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усулларини амалиётга кенг жорий этиш, ходимларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ва тез қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Халқаро тажриба ва ҳамкорлик
Тез тиббий ёрдам тизимини ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор ёндашувларни миллий амалиётга жорий этишга ҳам катта аҳамият берилмоқда.
2025 йилда илк бор халқаро иштирокда “Тез тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари” мавзусида Республика съезди ўтказилди. 2026 йил апрель ойида Нукус шаҳрида мазкур тадбирнинг мантиқий давоми сифатида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда 10 дан ортиқ хорижий давлатдан мутахассис ва экспертлар иштирок этди.
Халқаро ҳамкорлик доирасидаги бундай тадбирлар тез тиббий ёрдам соҳасида илғор тажрибани ўрганиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Замонавий “103” — аҳолига янада яқин хизмат
Бугун тез тиббий ёрдам тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида хизмат кўрсатишнинг янги модели шаклланмоқда. Рақамлаштириш, электрон мониторинг, замонавий автотранспорт, симуляция таълими ва халқаро тажрибанинг жорий этилиши “103” хизматининг имкониятларини кенгайтирмоқда.
Бригадаларнинг дори воситалари билан таъминланиш даражаси ҳам оширилди. Тез тиббий ёрдамда қўлланиладиган дори воситалари тури 20 тадан 72 тага етказилди. Энг муҳими, бу ўзгаришларнинг барчаси инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, тиббий ёрдамни ҳар бир фуқарога тез ва сифатли етказишга қаратилган. Бугунги “103” — бу фақат чақирув қабул қиладиган хизмат эмас. У замонавий рақамли технологиялар, малакали мутахассислар, янгиланган автопарк ва электрон бошқарув тизимига асосланган яхлит тез тиббий ёрдам тизимига айланиб бормоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА