Рақамлаштириш: тиббий хизмат сифати янги босқичга кўтарилади
Андижон давлат тиббиёт институтида соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олимжон Омонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасадди ва масъуллари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, тизимдаги АКТ ходимлари ва IT-операторлари иштирок этди.
Йиғилишда соҳани рақамлаштириш — бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири эканлиги, соғлиқни сақлаш тизимни сифатли рақамлаштириш тиббий хизмат сифатини янада юқори босқичга кўтариши ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.


Иштирокчилар томонидан тиббиёт муассасаларида ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, рақамли тизимларни амалиётга тўлиқ ва сифатли жорий этиш, электрон маълумотлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда рақамлаштириш жараёнида юзага келаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда тизимни рақамлаштириш нафақат замонавий технологияларни жорий этиш, балки тиббий хизмат сифатини ошириш, бошқарув жараёнларини такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш ва аҳолига қулай тиббий хизмат кўрсатишнинг муҳим омили эканлиги алоҳида қайд этилди.


Шунингдек, рақамлаштириш жараёнидаги амалий масалалар, мавжуд муаммолар юзасидан АКТ ходимлари, IT-операторларнинг таклиф ва мурожаатлари эшитилди. Муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилиш давомида вилоятдаги тиббиёт муассасасида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳолатини янада яхшилаш, масъул ходимларнинг билим ва амалий кўникмаларини ошириш, белгиланган вазифалар ижросини тизимли назорат қилиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида рақамлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиб, ўзининг ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ IT ҳамширалари рағбатлантирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири