1 300 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаб фойдаланишга топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 202-сонли умумтаълим мактаби капитал таъмирлаш ишларидан сўнг, замонавий таълим стандартларига мос келувчи буткул янги қиёфада ўз эшикларини қайта очди.
Хусусан, давлат дастурлари ҳамда маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари доирасида амалга оширилган ушбу кенг кўламли янгиланиш натижасида, мактабда ўқувчилар ва педагоглар жамоаси учун хавфсиз, шинам ва инновацион таълим муҳити яратилди. Мазкур капитал таъмирлаш таълим масканининг нафақат ташқи кўриниши, балки ички техник имкониятлари ва жиҳозланишини ҳам тубдан ўзгартирди.

– 1 050 ўқувчи ўрнига мўлжалланган мактаб бугунги кунда 1 300 нафар ўқувчини қамраб олди, – деди Мактаб директори Наргиза Муҳаммадиева. – Капитал таъмирдан сўнг мактабимиздаги барча жиҳозлар янгича замонавий русумда жойлаб берилди. Синф хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланди, спорт ва фаоллар заллари ҳамда кутубхона янгича кўринишга келтирилди. Бинонинг барча коммуникация тизимлари ҳам тўлиқ янгиланди. Мактабимизда инклюзив таълим олувчи болалар учун махсус коррекцион хоналар ҳам ташкил этилган. Ҳозирда 11 нафар бола таълим олмоқда, яна 2 нафар бола биринчи синфга қабул қилинди. Айни кунларда мактабимиз янги ўқув йилига тўлиқ тайёр.

Хулоса ўрнида айтганда, янги типдаги мактабларнинг ишга туширилиши икки сменали таълим тизимини қисқартиришга, ўқувчиларнинг узоқ масофага қатнаб ўқиш заруратини камайтиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА