Қурилиш объектларига пресс-тур ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Нукус шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш, реконструкция ва коммунал инфратузилма ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, коммунал хизматларнинг сифати ва инфратузилма лойиҳалари ҳақида жамоатчиликка холис ва тезкор ахборот етказишдан иборат.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Нукус шаҳридаги кўп хонадонли турар жойларда энергия самарадорлигини ошириш ва комплекс модернизация ишлари билан танишди. Хусусан, 26 кичик туман 10 уйда FELICITY II пилот лойиҳаси доирасида энергия самарадорлигини ошириш ишлари амалга оширилди. 5 қаватли, 60 квартирадан иборат бу уйнинг ташқи деворлари иссиқлик сақловчи материаллар билан қопланди ва бинонинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс модернизация ишлари бажарилди.
Кейинги манзил Нукус шаҳридаги “Ёш авлод” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Нукус коммунал сервис” бошқарув сервис компанияси томонидан амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.
[gallery-32595]
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, бошқариш органлари барқарорлигини таъминлаш ва тўлов интизомини яхшилаш, соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида маҳалладаги кўп хонадонли уйларнинг туташ ҳудудларида инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. Шунингдек, ободонлаштириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 11 та кўп қаватли уйнинг фасад қисмлари таъмирланиб, 3 та замонавий болалар майдончаси барпо этилди.
Тадбир иштирокчилари “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 12-сонли умумтаълим мактабида реконструкция ишлари ва қўшимча 660 ўринли янги бино қурилиши лойиҳаси билан танишди. Бу ишлар Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 — 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан амалга оширилмоқда.
Пресс-тур якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг иккинчи бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Нукус шаҳрида “Жолшилар” маҳалласи Ашшикўл ҳудудидаги 270 гектар майдонда “Nukus city”ни барпо этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган. Лойиҳа 50 минг нафар аҳолига мўлжалланган бўлиб, унда илғор архитектура ечими ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш назарда тутилган. Мазкур лойиҳа Нукус шаҳрининг замонавий қиёфасини шакллантириш, уй-жой ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон Республикасида жами 136 та кўп квартирали уйда таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Жумладан, 2 та уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди, 25 та уйнинг ертўласидаги муҳандислик коммуникациялари, 5 та уйнинг ички муҳандислик тармоғи ҳамда 9 та уйнинг фасад қисми таъмирланди.
Истеъмолчиларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш ҳамда 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида бюджет маблағи ҳисобидан Нукус шаҳридаги “Кўкўзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қозонхонага қуввати 4 МВт бўлган янги иситиш қозони ўрнатилди. Шунингдек, “Наупир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан қурилган 8 та кўп квартирали уйга иссиқлик етказиб бериш мақсадида жами 1,4 км иссиқлик тармоғи (шундан 0,8 км марказий иссиқлик таъминоти ва 0,6 км тақсимловчи иссиқлик тармоғи) тортилди.
Бундан ташқари, 9 та қозонда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунга қадар 4 МВт қувватли иситиш қозонини ўрнатиш, 1,4 км иссиқлик тармоғини қуриш ҳамда 9 та иситиш қозонини жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиб, объектлар куз-қиш мавсумида фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА