Осон даромад ваъдаси ортидаги молиявий ва руҳий инқироз
Тун ярми. Стол устида сочилиб ётган қарзни қайтариш ҳақидаги тилхатлар, телефон орқали бўлаётган дўқ-пўписалар йигитнинг юрагини сиқади. Унинг кўзлари қизарган, қўллари беихтиёр қалтирайди. Хаёлида эса битта савол айланади. Энди нима қиламан?
Бир неча ой олдин у ҳам баъзилар қатори телефондаги оддий бир ҳаволага қизиқиб кирган. Дастлаб озгина пул тикиб, кутилмаганда ютуққа эришган эди. Ўшанда ўзини омадли ҳисоблади. Кейин яна тикди, бу сафар ютқазди. Йўқотганини қайтариш учун яна пул излади. Бора-бора ўйин унинг вақтинигина эмас, фикрини, хотиржамлигини, ҳатто орзу-умидларини ҳам эгаллаб олди.
Энди эса қарзлари бир-бирига уланган. Уйдан кўчага чиқа олмайди. Ич-ичидан такрор-такрор бир овоз келади: «Қани энди ўша биринчи қадамни ташламаганимда, қани энди ўзимни вақтида тўхтата олганимда!..» Унинг кўз олдидан ота-онасининг меҳр билан боққан нигоҳлари, ишониб топширган пуллари, келажак ҳақидаги режалари бирма-бир ўтарди. Энди ҳеч қандай ютуқ бу йўқотилган ишончни қайтаролмасдек туюларди. У телефонни қўлига олди. Яна ўша илова, яна бир ўйин, яна бир умид...
Эҳ, одамнинг руҳиятида нималар бўлмайди? У шу топда ўртана-ўртана, чўчиганча уйғониб кетди. Терга ботган, нафаси тезлашган эди. Ҳаммаси туш экан! Бу бир туш, лекин шу тушдаги каби кимнингдир ҳаётида аянчли ҳолатлар кузатилаётгани ҳам ҳақиқат.
Афсуски, бу масала бугун жамият учун жуда долзарб. Рақамли технологиялар имкониятлари кенгайгани сари улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, хусусан, онлайн қимор ва букмекерлик платформаларининг ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этилиши жиддий ижтимоий муаммога айланмоқда. Бир қарашда оддий кўнгилочар машғулотдек кўринадиган бу жараён аслида инсонни молиявий қарамлик, руҳий изтироб ва ижтимоий инқироз сари етаклаши мумкин.

Ижтимоий тармоқлардаги осон пул топиш, бир неча дақиқада бойиб кетиш, кичик маблағ эвазига катта ютуқ каби ваъдалар, машҳур блогерлар иштирокидаги роликлар, сунъий равишда намойиш этилаётган йирик ютуқлар ёшларнинг эътиборини тортмоқда. Бунда энг хавфли жиҳат — қиморнинг оғир оқибатлари эмас, балки фақат ютуқлар намойиш этилиши, ютқазиш эҳтимоли эса гўё мавжуд эмасдек тасвирланишидир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда катта ёшли аҳолининг тахминан 1,2 фоизида қимор ўйинларига патологик қарамлик мавжуд. Ташкилот қиморнинг зарарли оқибатлари қаторида молиявий танглик, руҳий саломатликнинг ёмонлашиши, оилавий муносабатларнинг бузилиши ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш хавфининг ортишини ҳам қайд этади. Бу эса масалага фақат иқтисодий йўқотиш сифатида эмас, балки жамоат саломатлиги ва ижтимоий барқарорликка дахлдор муаммо сифатида ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Қиморга қарамлик инсон ҳаётига босқичма-босқич кириб келади. Аввалига қизиқиш ёки кўнгилочар машғулот сифатида бошланган жараён вақт ўтиши билан кундалик эҳтиёжга айланиши мумкин. Шахс оила бюджетига мўлжалланган маблағларни, таълим ёки бошқа зарур харажатлар учун ажратилган пулларни ўйинга сарфлай бошлайди. Қарз олиш, яқинларидан пул яшириш, молиявий муаммоларни беркитиш ҳолатлари кузатилади. Бунинг ортидан тушкунлик, асабийлик, хавотир, уйқу бузилиши ва ижтимоий муносабатлардан узоқлашиш каби асоратлар келиб чиқади.
Айниқса, ҳали мустақил молиявий қарор қабул қилиш тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар учун бу хавф янада жиддий. Чунки уларнинг ҳаётга бўлган қарашлари, қадриятлари ва келажак режалари шаклланаётган бир пайтда тез бойиш ғоясининг оммалашиши меҳнат, билим ва ҳалол даромад орқали муваффақиятга эришиш тамойилларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

— Қимор ва букмекерликка қарамликни оддий бир одат ёки иродасизлик оқибати деб баҳолаш тўғри эмас, — дейди психолог Пардахол Ҳайдарова. — Бу инсоннинг руҳий ҳолати, тафаккури, хулқ-атвори ва кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатадиган мураккаб қарамликдир. Ўйин жараёнида мияда дофамин билан боғлиқ мукофотлаш тизими фаоллашади. Айниқса, кутилмаган ютуқ ва ютуққа бўлган умид инсонда кучли ҳаяжон уйғотиб, уни яна ўйнашга ундайди. Вақт ўтиши билан киши пул ютишдан кўра, ўша ҳаяжонни қайта ҳис қилиш учун ҳам ўйинга интилади. Натижада молиявий йўқотишлар, қарздорлик, оилавий низолар ва ижтимоий муносабатларнинг бузилиши кузатилади. Бундай қарамликдан қутулиш мумкин, аммо бу фақат «бошқа ўйнамайман» деган ваъда билан ҳал бўладиган муаммо эмас. Бунинг учун инсоннинг ўзи муаммосини тан олиши, яқинлари эса унга тўғри ёрдам кўрсатиши муҳим. Энг тўғри йўл — муаммога жазолаш керак бўлган иллат сифатида эмас, балки мутахассис ёрдамини талаб қиладиган қарамлик сифатида ёндашишдир. Шунинг учун психолог ёки қарамлик билан ишлашга ихтисослашган мутахассисга ўз вақтида мурожаат қилиш зарур. Оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши, молиявий чегаралар ўрнатилиши ва профессионал психологик ёрдам биргаликда амалга оширилсагина, инсоннинг бу қарамликдан халос бўлиши ва одатий ҳаётга қайтиши учун мустаҳкам асос яратилади.
Онлайн букмекерликнинг аянчли оқибатларига Ўзбекистонда ҳам мисоллар бор. Интернет нашрларидан бирида тошкентлик фуқаронинг ҳаётида юз берган воқеа баён қилинган. Унинг айтишича, ҳаммаси дастлаб 400 минг сўм пул тикишдан бошланган. У бор-йўғи 15 дақиқа ичида 400 минг сўм пулини 800 минг сўмдан оширган, бир ярим соат ичида эса қарийб 2 миллион сўмни қўлга киритган.
Бироқ саккиз ой ўтиб, вазият бутунлай ўзгарган. Ўзининг, турмуш ўртоғининг ва яқин танишининг номига олинган кредитлар ҳисобидан жами 90 миллион сўм қарз тўпланган. У ижарага олиб ишлатиб келган автомобилидан айрилган, уй ҳақини тўлашга ҳам имкони қолмаган. Энг ачинарлиси, қарз сўраб юриш ва ваъдаларини бажара олмаслик туфайли яқинларининг ишончини ҳам йўқотган. Бу воқеа онлайн букмекерлик ортида фақат пул йўқотиш эмас, балки оилавий муносабатлар бузилиши, қарздорлик ва инсон ҳаётининг издан чиқиши каби жиддий муаммолар турганини кўрсатади.
Қайд этиш жоизки, онлайн қимор глобал миқёсдаги улкан молиявий империяга айланиб улгурди. 2026 йилги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб онлайн қимор бозорининг капиталлашуви 143 миллиард доллардан ошиб кетган. Ушбу молиявий механизмнинг ортида барбод бўлаётган ўн минглаб тақдирлар ётибди. Ҳозирга келиб онлайн қимор империяси одамларни ўзининг глобал «ўргимчак тўри»га илинтириш учун сунъий интеллект ва нейромаркетинг технологияларидан кенг фойдаланмоқда.
Фойдаланувчи ўз смартфонида қиморга пул тикаётган лаҳзада дунёнинг бошқа бир чеккасидаги суперкомпьютерлар унинг хулқ-атворини секундига миллионлаб марта таҳлил қилиб, қайси вақтда «ютуқ иллюзияси»ни беришни ҳисоблаб чиқади.
Ушбу ботқоқнинг чуқурлашиб бораётганига сабаб бўлаётган яна бир оғриқли нуқта бор. У ҳам бўлса, ижтимоий тармоқларда минглаб, миллионлаб обуначиларга эга бўлган айрим блогерларнинг ўз кузатувчилари орасида мунтазам равишда онлайн қиморни тарғиб қилишидир. Энг ачинарлиси, улар бу ҳалокатли ўйинларни «бахтли ҳаёт калити» сифатида тақдим этиб, ўз ватандошларининг фожиаси устига ҳаётини қуришдан уялишмаяпти.
Рақамли экранлар ортидаги ялтироқ дунёнинг ҳақиқий баҳоси баъзан инсон ҳаёти билан ўлчанади. Дунё миқёсида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, онлайн қиморга қарам бўлган инсонлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражаси бошқа ҳар қандай турдаги тобеликка нисбатан бир неча баробар юқори. Сўнгги бир неча йил ичида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари орқали онлайн қимор сабабли юз берган ўнлаб мудҳиш ҳолатлар ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушгани ҳам бор гап.
Ўзбекистонда ушбу йўналишда ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Президентнинг 2024 йил 19 апрелдаги тегишли фармонига мувофиқ, бу борада аниқ тартиблар жорий этилди. Шу билан бирга, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни, жумладан, интернет орқали ташкил этиладиган турларини реклама қилиш тақиқланган.

— Бугунги кунда онлайн қимор ва букмекерлик хизматлари, асосан, блогерлар ҳамда Телеграм каналлари орқали тарғиб қилинмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бош илмий ходими Умид Мирзатиллаев. — Бунда промокод, бонус ва «биринчи депозитга совға» каби таклифлардан фойдаланилади. Жумладан, Рақобат қўмитаси «Melbet» брендини тарғиб қилувчи видеоларни тарқатган икки блогерни маъмурий жавобгарликка тортган. Шунингдек, қалбаки ютуқ скриншотлари, сохта аккаунтлар, машҳур шахслар номидан тайёрланган дипфейк видеолар ва «кафолатланган ютуқ» ваъдаларидан фойдаланиб, фуқароларни алдаш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Айрим сохта платформаларда ютуқни ечиб олиш учун «солиқ» ёки «комиссия» тўлаш талаб қилинади. Телеграм орқали тарқатиладиган зарарли APK-иловалар эса фуқароларнинг банк карталари ва шахсий маълумотлари хавфсизлигига таҳдид солади.
Бироқ ҳуқуқий меъёрларнинг мавжудлиги муаммо ўз-ўзидан бартараф бўлади дегани эмас. Интернет маконида шубҳали платформалар, қимор ўйинларини тарғиб қилувчи саҳифалар ва турли алдов ваъдаларини ҳамон учратиш мумкин. Шу боис ижтимоий тармоқлар маъмурияти, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари, маҳалла ва ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш талаб этилади.
Муаммонинг олдини олишда аҳоли ўртасида молиявий ва рақамли саводхонликни ошириш, ёшларга онлайн қимор платформаларининг психологик таъсир усуллари ҳамда эҳтимолий оқибатларини тушунтириш муҳим. Ота-оналар фарзандларининг интернетдан фойдаланиш маданиятига эътибор қаратиши, улар билан пул, даромад, таваккалчилик ва шахсий масъулият ҳақида очиқ мулоқот қилиши лозим. Зотан, ота-боболаримиз азалдан бировни алдаб ёки муттаҳамлик йўли билан унинг мулкига эга чиқишдан қайтариб, фақат ҳалол меҳнат орқали ризқ топишни уқтириб келган. Қимор эса айнан шу азалий қадриятларга зид, инсонни тубанликка етакловчи иллатдир.
Мақола аввалидаги йигитнинг қарз ва пушаймонлик исканжасидаги ўша даҳшатли тушини ёдга олинг. Бугун ўз вақтида огоҳ бўлмасак, рақамли макондаги бу «ўргимчак тўри»га қарши биргаликда курашмасак, шу оғир тушни ҳақиқатга айлантираётган тақдирлар сони ортаверади.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА шарҳловчиси