Қозоғистон ва ЕИ Қўшма баёнот қабул қилди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Брюсселга ташрифи чоғида Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши етакчиси Антониу Кошта билан учрашди. Музокара давомида Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабат айни пайт тарихан энг юқори даражада экани таъкидланди.
ЕИ ҳозир Қозоғистоннинг энг йирик савдо ва инвестиция ҳамкори ҳисобланади.
Бундан ташқари Тоқаев Ўрта йўлакни “Global Gateway” ташаббуси билан уйғунлаштириш истиқболига ҳам тўхталиб, муҳим хом ашё ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имконияти мавжудлигини қайд этди. Шунингдек, минтақалараро шерикликни мустаҳкамлаш механизмига айланган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи мулоқот платформаси аҳамиятини юқори баҳолади.
Тоқаев Брюсселда Европа савдо ва иқтисодий хавфсизлик бўйича комиссари Марош Шефчович, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс ва Европа инвестиция банки вице-президенти Марек Мора билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида қардош давлат раҳбари жорий ташриф давомида жами 12 миллиард долларлик икки томонлама шартномалар имзоланганига урғу бераркан, бу миқдор Европа бизнесининг Қозоғистон иқтисодиёти ва ислоҳотлари кун тартибига нисбатан кучли ишончи далолати эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, у ЕИ раҳбарлари Кошта ва Урсула фон дер Ляйен билан кечган музокара натижасини юқори баҳолади.
Шундан сўнг томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма ташаббусларни илгари суриш учун мулоқотни давом эттиришга келишиб, шериклик кўламини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзолади. Ушбу битимлар ҳаво транспорти, ақлли технология, ноёб ер минераллари ва металлари каби турли муҳим йўналишларни қамраб олган.
С.Раҳимов, ЎзА