Қозоғистон нефтини Европа сари йўналтирмоқда
Қозоғистон нефть экспорти йўналишини кенгайтиришга киришди. Остонада бўлиб ўтган олий даражадаги музокара якунида мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Боку – Тбилиси – Жайхон қувури орқали нефть ташиш ҳажмини ошириш режасини маълум қилди. Бу қадам Марказий Осиёдан Европага чиқувчи муқобил йўлакларни кўпайтиришга қаратилган.
Сўнгги йилларда Каспий денгизи орқали ўтувчи Ўрта йўлак аҳамияти ортиб боряпти. Расмий маълумотга кўра, мазкур йўналиш бўйича ташув ҳажми беш йил ичида қарийб тўрт баробар ошган. Остона 2029 йилга бориб ушбу йўлак орқали ҳар йили 3 000 гача контейнер поезди ҳаракатланишини кутмоқда.
Қозоғистон Қора денгиз соҳилида логистика имкониятини ҳам кенгайтирмоқда. Батуми нефть терминали ҳамда Поти шаҳрида қозоқ сармояси иштирокида қурилган янги мультимодал терминал фаолият бошлаган. Келажакда Анаклия чуқур сув порти ҳам муҳим лойиҳа сифатида кўриляпти.
Умуман, ушбу икки давлат иқтисодий алоқалари жадаллашмоқда. Қозоғистон раҳбари мамлакат иқтисодиётидан Грузияга йўналтирилган сармоя ҳажми 500 миллион доллардан ошганини таъкидлади. Томонлар энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва туризм соҳаларида шерикликни кенгайтириш бўйича янги режани ҳам муҳокама қилди.
Музокара якунида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди. Маданият, сунъий интеллект, рақамли ривожланиш ва туризм бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи ҳужжатлар қабул қилинди. Демак, Қозоғистон ва Грузия муносабати иқтисодий доирадан чиқиб, янада кенг қамровли босқичга ўтаётганини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА