Қўштепа – биринчи!
Бу йил Фарғона вилоятида 371 минг 500 тонна пахта хом ашёси етказиб берилиши ҳақида шартномалар тузилган. Барча туманлар марра чизиғига яқин қолганди. Бугун эса Қўштепа тумани пахтакорлари жорий йилги пахта ҳосили бўйича шартномавий режани вилоятда биринчи бўлиб бажаришга эришди.
Туманда 6400 гектар майдонга чигит экилиб, белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилгани, фермер ва деҳқонларнинг фидокорона меҳнати самарасида пахтадан мўл ҳосил етиштирилди.
Ҳозиргача 33 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси йиғиб олинди. Хўжаликларда ҳосилдорлик гектарига 55-60 центнердан ошди.

Мазкур натижага эришишда пахтачиликка замонавий технологияларни кенг жорий этиш, мавжуд техника имкониятларидан самарали фойдаланиш ва илғор агротехник тадбирларни қўллаш муҳим аҳамият касб этди.
Хусусан, сўнгги икки йилда харид қилинган 20 та замонавий пахта териш машинаси ҳосилни қисқа муддатларда, сифатли ва нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш имконини берди.
Туманда аграр соҳага илм-фан ютуқлари ва инновацион ёндашувларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишда ўзининг ижобий натижаларини беряпти.
Қўштепа туманида ҳали йиғим-терим давом этмоқда.
<iframe width="1493" height="840" src="https://www.youtube.com/embed/yXx1VCv1Iu0" title="Qo`shtepa - birinchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА