Ўзбек тили дунё миқёсида: миллий мерос, сифатли таълим ва барқарор ривожланиш
Она тилимизнинг равнақи, истиқболи миллат келажаги билан бевосита боғлиқдир. Мана бир неча йилдирки, мамлакатимизда 21 октябрь «Ўзбек тили байрами» сифатида баланд руҳда нишонланмоқда. Тилимизнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Мадинабону Шарифова қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ҳар йили 21 октябрь — Ўзбек тили байрамини нишонлар эканмиз, асосий масала тилимизнинг қадрини шунчаки ёдга олишда эмас, балки уни ривожлантириш борасида белгиланган стратегик мақсадларга қай даражада эришаётганимиздадир.
Тарихий рақамларга назар ташласак, 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинган бўлса, орадан йиллар ўтиб ўзбек тилининг давлат тили мақоми Конституциянинг 4-моддасида мустаҳкамланди. Президентнинг 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони билан бу санани «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш таклифи маъқулланди, 2020 йил 10 апрелда эса ушбу байрам қонун билан расман кучга кирди.
Энг муҳими, 2020 йил 20 октябрда Президентнинг ПФ-6084-сон Фармони билан «2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси» тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда давлат тилининг нуфузини ошириш бўйича аниқ рақамли кўрсаткичлар белгиланган: хорижий олий таълим муассасаларидаги ўзбек тили марказлари сонини амалдаги 17 тадан 2030 йилгача 60 тага етказиш, тилнинг миллий электрон корпусини яратиш ва дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини ишлаб чиқиш. Сўнгги йилларда хорижий университетларда ўзбек тилини ўқитиш бўйича бир қатор лойиҳалар бошланди. Бироқ уларнинг барқарорлиги ва амалий натижадорлиги бир хил эмас.
2025 йил 14 октябрда Оксфордда ўзбекшунослик дастурининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди. Дастур «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, 3 йилга мўлжалланган. Унинг доирасида Ўзбекистондан борадиган ўқитувчилар ҳар 6 ойда алмашиб туради. Лойиҳа муҳим натижаларга эришиш учун катта имконият яратади. Шу билан бирга, хорижда мустаҳкам фундаментал илмий мактабни шакллантириш учун лойиҳа муддати ва ўқитувчилар таркиби барқарорлигини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Лойиҳанинг муваффақияти тақдимот билан эмас, балки дастур якунида қанча талаба тилни мукаммал ўргангани ва у доимий курс сифатида сақланиб қолгани билан ўлчаниши керак.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Хитой Халқ Республикасининг Сиань хорижий тиллар университетида «Ўзбек тили» бўйича тўрт йиллик тўлиқ бакалавриат йўналиши очилди. Бу ўзбек тилининг Хитойда шунчаки факультатив курс эмас, балки мустақил мутахассисликка айланганини англатади. Бироқ илк битирувчилар 2030 йилда меҳнат бозорига киради. Демак, икки давлат ўртасидаги иқтисодий лойиҳалар учун тайёр кадрларнинг амалиёт тизимини ҳозирданоқ ўйлаш зарур.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан 2022 йилдан буён Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Италияда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказлари ташкил этилган. Лойиҳа доирасида жами 300 дан ортиқ хорижлик ўқитилган ва А1, А2, В1 даражали дарсликлар яратилган. Бу тизимли омил ҳисобланса-да, ҳозирча бор-йўғи 4 та марказ мавжуд. Бу Концепцияда 2030 йилгача белгиланган 60 та марказ кўрсаткичининг атиги 6,6 фоизини ташкил этади, холос.
Барқарорлик нуқтаи назаридан энг самарали модель – Тошкент давлат шарқшунослик университети тажрибасида кўринди. Бу ерда ўзбек тилини ўрганган кореялик докторант диссертация ҳимоя қилиб, ҳозир Жанубий Кореянинг Ҳангук хорижий тиллар университетида профессор сифатида кафедра бошқармоқда. Бу шундан далолат берадики, хорижда тилни ривожлантиришнинг энг ишончли йўли Ўзбекистонда таҳсил олган чет эллик олимларнинг ўз юртида доимий мактаблар очишини қўллаб-қувватлашдир.
Тил ривожланиши шунчаки маданий феномен эмас, у БРМнинг бир нечта мақсадлари билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. ЮНЕСКОнинг 2025 йилдаги «Languages matter» қўлланмаси маълумотларига кўра, дунё аҳолисин инг 40 фоизи ўзлари эркин гаплашадиган ва тушунадиган тилда таълим олиш имкониятига эга эмас. Ўзбекистонда таълим давлат тилида олиб борилса-да, аниқ ва табиий фанлар (физика, ахборот технологиялари, тиббиёт) бўйича замонавий илмий адабиётларнинг ўзбек тилида етишмаслиги талабаларни рус ва инглиз тилидаги манбаларга қарам қилиб қўймоқда. Бу эса билим олишда ички тенгсизликни келтириб чиқаради.
Рақамли дунёда тилнинг яшаб қолиши унунг сунъий интеллект (СИ) тизимларига интеграцияси билан белгиланади. Президентнинг 2025 йил 22 октябрдаги ПФ-189-сон Фармонига мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига 2026 йил якунига қадар камида 15 миллиард параметрли «Ўзбек тили корпуси»ни яратиш ва уни 5 та очиқ катта тил моделларига (LLM) интеграция қилиш вазифаси юкланган. Маълумот учун, ҳозиргача энг йирик очиқ ўзбек нутқ корпуси (105 соатлик овоз) 2021 йилда Қозоғистоннинг ISSAI тадқиқот институти томонидан яратилган эди. Миллий ИТ-инфратузилмани ривожлантириш учун ушбу 15 миллиардлик корпус маҳаллий стартаплар учун очиқ бўлиши керак.
Давлат хизматлари ва юридик ҳужжатлар тилининг соддалаштирилиши қишлоқ аҳолиси ва кекса авлоднинг ахборотга эришиш имкониятини кенгайтиради ва ижтимоий тўсиқларни камайтиради.
Юқоридаги таҳлиллар давлат тилининг халқаро нуфузини юксалтириш, унинг таълим ва илм-фан соҳаларидаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли макондаги имкониятларини кенгайтириш учун тизимли ва амалий чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади. Шу мақсадда қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ:
Онлайн реестр: Чет элдаги ўзбек тили марказлари, талабалар сони ва натижаларини кўрсатиб турадиган ягона рақамли база яратиш.
Аниқ натижа (KPI): Хорижий университетлар билан тузиладиган шартномага фақат ўқитувчи юбориш эмас, балки илмий мақола ёзиш ва курснинг барқарор ишлашини мажбурият қилиб қўйиш.
Очиқ код (Open Source): Яратилаётган ўзбек тили корпусини IT компанияларга очиб бериш — бу сифатли овозли ёрдамчилар ва таржимонларни тезроқ яратади.
Замонавий дарсликлар: Маблағни фақат луғатга эмас, сунъий интеллект, биоинженерия ва яшил энергетика бўйича жаҳон дарсликларини таржима қилишга йўналтириш.
Халқаро имтиҳон (TOEFL аналоги): Дунёнинг исталган нуқтасидан топшириб бўладиган, CEFR талабларига жавоб берадиган ягона онлайн сертификатлаш тизимини ишга тушириш.
Сўнгги йилларда ўзбек тилини хорижда оммалаштириш бўйича Оксфорд ва Сиань университетлари мисолида муҳим қадамлар қўйилди, аммо бу ташаббусларнинг аксарияти бошланғич ёки тажриба босқичида бўлиб, уларнинг ҳақиқий самараси 2028–2030 йилларга бориб намоён бўлади.
Ўзбек тилининг халқаро майдондаги кучи очилган марказлар сони ёки ўтказилган тақдимотлар билан эмас, балки тайёрланган соҳа мутахассислари, яратилган рақамли ресурслар ва тилимизни тушунадиган глобал технологиялар ҳажми билан ўлчаниши зарур. 2030 йилгача белгиланган миллий мақсадларга эришиш учун айнан мана шу сифат кўрсаткичлари устидан қатъий назорат ўрнатилиши лозим.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.