Қўшма паст углеродли энергетика салоҳияти концепцияси: Марказий Осиё учун янги имкониятлар
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу ташаббус минтақа мамлакатларининг мавжуд энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг углеводород, гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергияси соҳаларидаги улкан салоҳиятини ўзаро уйғунлаштириш нафақат минтақанинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, балки янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Хўш, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу ташаббуснинг стратегик аҳамияти нимада? Қўшма концепция минтақада ягона энергетика маконини шакллантириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
ЎзА мухбири мазкур ташаббуснинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти хусусида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) илмий ходими Аббос Машрапов фикрларини ёзиб олди.

– Таъкидлаш керакки, мазкур ташаббус ушбу форматга кирувчи мамлакатларнинг энергетика салоҳиятидан оқилона фойдаланиш ҳамда минтақанинг “яшил” энергетикасини ривожлантиришга комплекс ёндашиш заруратига асосланади.
“Минтақамиз турли ресурсларга эга. Углеводородларнинг салмоқли захиралари ҳамда гидроэнергетика, қуёш ва шамол генерациясининг улкан салоҳияти мавжуд. Айнан мана шу хилма-хиллик мамлакатларимизга бир-бирини тўлдириш имконини беради”, – дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбарининг фикрича, ушбу таклиф янги генерация қувватларини барпо этиш, замонавий энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратиш борасидаги мувофиқлаштиришни яхшилаш имконини беради.
Таклиф этилаётган ёндашув минтақа энергетикасининг асосий хусусиятларидан бири — ресурсларнинг нотекис тақсимланишини инобатга олади. Бу эса, самарали мувофиқлаштирилган тақдирда, миллий энергия тизимларининг бир-бирини тўлдиришига асос бўла олади. Масалан, минтақадаги гидроресурсларнинг қарийб 80 фоизи Қирғизистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келса, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, минтақанинг энергетика манзараси аста-секин ўзгариб бормоқда: Марказий Осиё давлатлари қайта тикланувчи энергия, энг аввало, қуёш ва шамол энергетикаси қувватларини оширмоқда. Марказий Осиёнинг ғарбий бозорлар билан энергетик боғлиқлигини мустаҳкамлаши мумкин бўлган Озарбайжон билан ҳамкорлик ҳам минтақавий алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ташаббуснинг алоҳида аҳамияти Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёнинг ягона энергетика маконини шакллантиришга қаратилган стратегик ёндашувида намоён бўлади. Президентимизнинг таклифи минтақа мамлакатларининг энергетика ресурслари нафақат ўз-ўзича, балки уларнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш хусусияти нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга эканини англашни акс эттиради. Миллий устувор йўналишларни мувофиқлаштириш, давлатлараро инфратузилмани ривожлантириш ва биргаликда режалаштириш ушбу салоҳиятни бутун минтақа манфаатлари йўлида рўёбга чиқариш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, Қўшма концепция минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланиши мумкин. Уни рўёбга чиқариш мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилиш учун қўшимча шароитлар яратиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янада барқарор асосни шакллантириш имконини беради. Шу билан бирга, энергетика соҳасидаги устувор йўналишларни мувофиқлаштириш нафақат мавжуд инфратузилмага оид долзарб вазифаларни ҳал этишга, балки Марказий Осиё энергетикасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини белгилашга ҳам хизмат қилади.
Ташаббуснинг амалий аҳамияти ўзаро боғлиқ учта жиҳат билан белгиланади. Биринчидан, у генерация қувватларини ривожлантириш режаларини мувофиқлаштириш, электр энергиясининг ўзаро етказиб берилишини кенгайтириш ва миллий ресурслардан янада оқилона фойдаланиш орқали минтақа давлатларининг энергетика соҳасидаги ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Иккинчидан, қуёш ва шамол энергетикаси қувватларини интеграция қилиш, энергияни сақлаш тизимларини жорий этиш ҳамда давлатлараро инфратузилмани модернизация қилишни ўз ичига олган кам углеродли энергетикани жадал ривожлантириш учун шароит яратади.
Учинчидан, қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Марказий Осиёнинг ташқи бозорлар билан энергетика алоқаларини кенгайтириш, шу орқали минтақанинг халқаро энергетика ҳамкорлигидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар очади.
Шундай қилиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси Ўзбекистоннинг минтақавий ривожланиш бўйича мувофиқлаштирилган кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилишини намоён этади. Ташаббуснинг алоҳида аҳамияти Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг энергетика салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ундан бутун минтақа манфаатлари йўлида самарали фойдаланиш учун шароит яратишдан иборат. Ушбу ёндашувни изчил амалга ошириш ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақанинг умумий энергетика салоҳиятини рўёбга чиқариш ва унинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш имконини беради.
Ў.Алимов, ЎзА