Пахта ҳосилининг 3,4 миллион тоннаси йиғиб олинди
Пахта далаларида ҳосил терими қизғин. Масъулиятли паллада замонавий техникаларнинг шиддатли ҳаракати ва деҳқонлар меҳнати уйғунлашмоқда. Мавсумнинг асосий босқичи қандай кечмоқда?
Пахта далаларида меҳнат суръати тобора жадаллашмоқда. Фермерлар, механизаторлар ва теримчилар учун масъулиятли паллада ҳар бир кун, ҳар бир соатнинг қадри баланд. Зеро, ёмғирли кунлардан олдин етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб олиш кластер ва фермерлар олдидаги долзарб вазифа. Чунки, сифатли ва ўз вақтида йиғиб олинган тола деҳқонлар меҳнатини юзага чиқаради.
2026 йилнинг 12 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 3,4 миллион тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу кўрсаткич жорий йил ҳосили учун кластер ва фермерларга белгиланган 4,5 миллион тонналик шартномавий кўрсаткичнинг 76 фоизига тенг.

Айни пайтда пахта далаларида замонавий техникалар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Бугунги кунгача 848 минг тонна пахта қўл терими орқали йиғиб олинган бўлса, 2,6 миллион тонна ҳосил юқори унумли пахта териш машиналари ёрдамида йиғиб олинди. Яъни, умумий терим ҳажмининг 75 фоизи механизациялашган терим ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қўл терими орқали йиғилган пахтанинг 174 минг тоннаси пахта далаларнинг четларини механизацияга тайёрлаш, яъни терим машиналарига қайрилиб олиши учун шароит яратиш мақсадида амалга оширилган бўлса, фермерлар ва агрокластерларнинг ишчилари томонидан 674 минг тонна пахта терим машиналари кира олмайдиган кичик контурлардан териб олинган. Келгусида бу контурларни ҳам кенгайтириш кўзда тутилган.
Бу натижалар пахтачиликда замонавий техника ва механизациянинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Чунки, ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш нафақат фермернинг иқтисодий манфаатлари, балки етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш ва қайта ишлаш жараёнлари учун ҳам муҳимдир.

Терим мавсумида жами 3 мингга яқин юқори унумли пахта териш машинаси ишга жалб этилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг барчаси далаларда фаолият олиб бормоқда. Шундан, жорий йилда фермер хўжаликлари ва агрокластерларга лизинг асосида 1 мингдан зиёд замонавий пахта териш машиналари етказиб берилди.
Бу эса терим жараёнларини механизациялаш, техник имкониятларни кенгайтириш ва ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олишга хизмат қилмоқда.

Кунлик натижалар ҳам терим суръати юқори эканини кўрсатмоқда. Хусусан, 12 октябрь куни пахта териш машиналари ёрдамида 147 минг тонна пахта хомашёси териб олинди. Бир кунда битта пахта териш машинасига ўртача 50 тоннадан ҳосил тўғри келди.
Айни кунларда далаларда кечаётган қизғин меҳнат, замонавий техникаларнинг узлуксиз ҳаракати ва теримни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мавсумнинг муҳим босқичини ташкил этмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА