Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Шуманай тумани “Деҳқонобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида аҳолини ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ҳамда маҳалла ҳудудларини ободонлаштириш масалалари бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд вазият ўрганилиб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича тегишли ташкилот ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари туманнинг барча маҳаллаларида давом этмоқда.
***
Орол денгизининг тарихи, бугунги ҳаёти ва келажаги ҳақида ҳужжатли фильм яратиш мақсадида Австрия ижодкорларидан иборат делегация Мўйноқ туманига ташриф буюрди.

Туман ҳокими Бахтияр Менглибеков билан учрашувда туманнинг туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган қатор ташаббуслар муҳокама қилинди. Хусусан, кўп қаватли турар жойлар деворларига туман брендини акс эттирувчи замонавий расмлар яратиш ҳамда Очиқ осмон остидаги кемалар музейини махсус бинокль орқали томоша қилиш имкониятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳалар Мўйноқнинг бетакрор қиёфасини дунё ҳамжамиятига янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
***
Тўрткўл туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда миллий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида “Даврага кел, дугонажон” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, нуроний онахонлар, мактаб педагоглари, фаол ўқувчи-қизлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида “Қизлар таълими ва касб-ҳунар: хотин-қизларнинг замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши”, “Одоб-ахлоқ ва миллий қадриятлар: шарқона тарбия, оилавий ҳаётга тайёргарлик ва кийиниш маданияти”, “Соғлом турмуш тарзи: қизлар саломатлигини асраш ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш” мавзуларида ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбирда иқтидорли ўқувчи-қизлар томонидан ижро этилган миллий қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари йиғилганларга юқори кайфият улашди.
***
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” ҳамда Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртдошларимиз ўртасида “Бир Ватан, бир халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” ғояси кенг тарғиб қилинмоқда.

Шу муносабат билан Тахиатош туманида ҳам энг улуғ, энг азиз байрамни кўтаринки руҳда кутиб олиш мақсадида “Маҳаллада ободлик ва меҳр-оқибат ойлиги” давом этмоқда.
Ойлик доирасида тумандаги барча кўчалар, маҳаллалар, ижтимоий соҳа объектлари, қабристонлар, ариқ ва ички йўллар тартибга келтирилади. Шунингдек, ҳудудларда дарахт ва гул кўчатлари экилиб, яшил майдонлар янада кенгайтирилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.