“Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформасидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли хизматларни жорий қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформасидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг ер ижара шартномаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида агротехника тадбирларининг бажарилишини ва маҳсулот етиштиришда имтиёзли кредит маблағларидан мақсадли фойдаланишни “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси орқали мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда пахта, ғалла ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун кредит буюртманомаларини электрон тарзда шакллантириш, имтиёзли кредитларнинг сарфланишини мониторинг қилиш, шунингдек, агротехника тадбирлари прогнозини юритиш мақсадида “d-xarid.uz” ахборот тизимини Агропорталга интеграция қилинишини таъминлаши қарорда белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда уч ой муддатда Агропортал ва унинг таркибига кирувчи тизимлар орқали кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ва ҳисобини юриташга мўлжалланган “Агробиллинг” ахборот тизимини ишга туширади.
Мазкур Низом қишлоқ хўжалиги субъектларига агросаноат йўналишида электрон хизматларни “ягона нуқта” орқали кўрсатишга мўлжалланган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформасидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 12 августдаги ПФ-130-сон Фармонига асосан:
“Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун соҳада хизмат кўрсатишнинг “ягона нуқтаси” сифатида эътироф этилгани, бунда Агропортал орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ҳам кўрсатилиши;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш йўналишида ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона оператор этиб белгилангани;
ягона оператор таъсисчилигида “Drone service” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилгани ҳамда унга қишлоқ хўжалиги ташкилотларига робототехника, учувчисиз учадиган аппаратлар ва бошқа “ақлли” қурилмалар ёрдамида хизматлар кўрсатиш, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини харид қилиш, олиб кириш, олиб чиқиш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш, ўқув ва малака ошириш курсларини ташкил этишга рухсат берилгани;
қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар ўзларига тегишли ер участкаларига рухсат этилган фойдаланиш турларига асосан (асосий, такрорий, тўссонбости усулида) экинларни жойлаштиришга оид маълумотларни Агропорталга киритиб боришлари белгиланган эди.
ЎзА