Қорақалпоғистон делегацияси Навоий вилоятида тажриба алмашди
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидан ташкилот ва ҳокимият ходимларидан иборат делегация Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоятнинг тарихий қадамжолари, жумладан, Нурота туманида жойлашган “Чашма” зиёратгоҳида бўлиб, унинг бой тарихи ҳамда маънавий аҳамияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.

Шундан сўнг делегация аъзолари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган кичик бизнес марказлари фаолияти билан яқиндан танишди. Амалга оширилаётган лойиҳалар, яратилган шароитлар ва эришилаётган натижалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳудудлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Навоий вилоятига келиб, аёллар учун яратилган имкониятларни ўз кўзимиз билан кўрдик, – дейди Чимбой туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулзар Мамбетниязова. – Айниқса, уларнинг тадбиркорликка жалб этилаётгани, кичик бизнес орқали ўзини ўзи банд қилаётгани қувонарли. Бу ерда ишлар тизимли йўлга қўйилган. Аёлларга нафақат таълим олиш, балки амалда фаолият бошлаш учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Албатта, ушбу тажрибани ўзимизда – Чимбой туманида ҳам жорий этишни режалаштиряпмиз. Чунки хотин-қизлар фаоллигининг ошиши оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилади. Бугунги ташриф биз учун жуда фойдали бўлди. Кўплаб янги тажрибаларни ўргандик ва уларни амалиётга жорий этишга ҳаракат қиламиз.

Бу каби амалий учрашувлар ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илғор тажрибаларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири