Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Ҳусаинов Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар билан учрашди.
Унда давлат органлари ва ташкилотларида натижага асосланган бошқарув моделини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.
Бу борада ҳудудларда пилот лойиҳаларни амалга ошириш, инсон ресурслари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда рақамли ва сунъий интеллект технологияларини татбиқ этишни Европа Иттифоқи томонидан молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Жумладан, давлат хизматчиларини танлаш ва жойлаштириш, малакасини ошириш, лавозимда ўстириш тизими такомиллаштирилади.
Давлат хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тизими ва рақамли ечимларни жорий этиш, Европа Иттифоқининг “самарали бошқарув” дастури доирасида халқаро тажрибаларни татбиқ этиш, стажировкалар ташкил этиш, жойларда натижадорликни таъминлашга хизмат қиладиган пилот лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинмоқда.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдириб, келгусида аниқ амалий лойиҳалар орқали ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА