Қора ва рангли металл парчалари соҳасида лицензиялаш тартиби 20 июлдан кучга киради
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш тартибининг жорий этилишига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик масъуллари, соҳа вакиллари, қатор давлат ташкилотлари мутахассислари ҳамда тадбиркорлар иштирок этиб, янги тартибнинг мазмун-моҳияти, асосий тамойиллари ва амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгаришларни атрофлича муҳокама қилди.

Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов ва бошқа мутасаддилар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида миллий иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, саноат салоҳиятини ошириш ҳамда табиий ва иккиламчи ресурслардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш, йирик давлат корхоналарига берилган махсус ҳуқуқларни бекор қилиш, қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва сотиш соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш натижасида очиқ ва рақобатбардош бозор муҳитини шакллантириш вазифалари белгилангани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 175-сон қарори қабул қилингани маълум қилинди. Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш бўйича паспортлар тасдиқланган.
– Мазкур қарорга асосан лицензиялаш тартиби 2026 йил 20 июлдан кучга киради. Унга кўра, лицензияланадиган фаолият турлари, лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар, аризаларни кўриб чиқиш муддатлари, шунингдек, лицензия талаблари ва шартлари аниқ белгилаб қўйилган. Белгиланган муддатга қадар тадбиркорлик субъектлари корхоналарни ташкил этиш, моддий-техника базасини шакллантириш, зарур ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тегишли чораларни кўради, – деди У.Юсупов.

Шунингдек, лицензия берувчи вазирлик ва идоралар “Лицензия” ахборот тизими ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция ишларини амалга ошираётгани қайд этилди. Айни пайтда тадбиркорлик субъектларига мазкур қарор мазмун-моҳияти юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур лицензиялаш тартибининг жорий этилиши соҳада давлат томонидан тизимли ва самарали бошқарув механизмларини шакллантиради. Бу эса қонун устуворлигини таъминлаш, ноқонуний фаолиятни чеклаш, бозор муносабатларини шаффофлаштириш, рақобат муҳитини яхшилаш, давлат бюджети тушумларини ошириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Дониёр Ёқубов (сурат), ЎзА