Қўқонда электр таъминоти яхшиланади
Қўқонда сўнгги йилларда электр қувватига бўлган эҳтиёж қарийб икки баробарга ошди. Бу, аввало, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши, ҳаёт тарзидаги ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ. Лекин янги қурилган корхоналар, уй-жой мавзелари ҳам озмунча электр талаб қилмайди. Шунинг учун шаҳарда яна бир "Чархий" подстанцияси модернизация қилинмоқда. Бу ерга иккита 40 киловатт-соат кучланишдаги янги трансформаторлар ўрнатилиб, техник созлаш ишлари якунланяпти.
Унинг фойдаланишга топширилиши натижасида 15 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси оширилади. Ёки 6 минг хонадонга электр қуввати беришда узлуксизлик таъминланади. Мазкур иншоотни қуриш учун жами 75 миллиард сўм ҳажмидаги ишлар бажарилди.


Бу ерда бўлган Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов олиб борилаётган ишларни режа-график асосида жадаллик билан ташкил этиш, белгиланган меъёрлар асосида сифатли қилиб бажариш юзасидан тавсиялар берди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат), ЎзА