Қўқон давлат университети ёшлари катта саҳналарни забт этмоқда
Бугун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ёшлар куни” Қўқон давлат университети жамоаси учун қўшалоқ байрамга айланиб кетди.
Боиси, олийгоҳнинг иқтидорли талабалари нафақат илм-фанда, балки санъат ва маданият оламида ҳам ўзларининг юксак салоҳиятларини халқаро миқёсда исботламоқда.
Шу муносабат билан университет ректори, профессор Дилноза Хўжаеванинг нуфузли халқаро танлов ғолиблари билан учрашуви бўлиб ўтди.


Учрашув марказида куни кеча пойтахтимизда якунига етган, жаҳоннинг кўплаб давлатларидан энг маҳоратли ижрочилар йиғилган “Наврўз садолари” XII халқаро мусиқа фестивали қатнашчилари бўлди. Самимий мулоқот давомида олийгоҳ раҳбари санъат йўналишида таҳсил олаётган ёшларнинг эришган натижаларини алоҳида эътироф этиб, бу муваффақиятлар ортида тинимсиз меҳнат ва устозларнинг ўгити ётганини таъкидлади.
Хусусан, Санъат ва спорт факультетининг фахрига айланган дирижёр Зуҳриддин Абдуллаев раҳбарлигидаги “Дурдона” халқ чолғулари оркестри фестивалда ўзининг бетакрор ижроси билан ҳакамлар ҳайъати ва мухлислар олқишига сазовор бўлди.
Жамоа биринчи ўринни қўлга киритиши Қўқон санъат мактабининг жаҳон саҳнасидаги яна бир ғалабаси сифатида қайд этилди.


Шу билан бирга, Ферузбек Неъматов бошчилигидаги “Виртуоз” ансамблининг кучли учликдан жой олгани ҳамда истеъдодли талаба Ҳанифахон Сойибжонованинг “Энг яхши ижрочи” ва “Умид” номинацияларида ғолиб деб топилиши барчага бирдек ғурур бағишлади.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва эътиборли жиҳати — ёшларга санъат сирларини ўргатиб, уларнинг камолотида беминнат хизмат кўрсатиб келаётган устозларга кўрсатилган эҳтиром бўлди. Кўп йиллардан буён навқирон авлодга сабоқ бериб, уларни катта саҳналарга тайёрлаб келаётган фидойи санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминовга кўрсатган юксак хизматлари учун олийгоҳ раҳбарияти томонидан чопон кийдирилди. Ушбу эҳтиром намуна бўларли устоз-шогирд мактабининг бардавомлиги ва санъатга бўлган юксак эътиборнинг рамзий ифодасига айланди.
Профессор Дилноза Хўжаева ғолиб ёшлар билан мулоқот қилар экан, уларнинг ҳар бир ташаббуси, истиқболли режалари ва ижодий изланишлари олийгоҳ маъмурияти томонидан доимий равишда қўллаб-қувватланишини билдирди.
Учрашув якунида ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Мазкур мулоқот талабалар учун янги ижодий марраларни забт этиш йўлида улкан мотивация бериши шубҳасиз.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА