Қонликўл тумани ёшлари билан учрашув
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида пайшанба - Ёшлар куни доирасида учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.
Ушбу учрашувлар ёшларнинг фикр ва ғояларини тинглаш, ижодий ва ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳаётий ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Мана шу эзгу ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Қонликўл туманидаги бир қатор ишсиз ва оталиққа олинган, шунингдек, фаол ёшлар билан учрашди.
Тадбир олдидан ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бундан ташқари, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шароитлар, берилган имкониятлар бўйича тақдимот йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси Президентимиз томонидан қорақалпоғистонлик ёшларга қаратилаётган юқори эътибор, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятларга тўхталди. Шу билан бирга, бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёшлар сони ортиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, муаммо ва таклифларини эркин тарзда билдирди. Унда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим соҳасига оид масалалар кўтарилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири