Маҳаллада хонадонбай ўрганишлар амалга оширилди
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган маҳаллабай ишлаш тизими, айниқса “маҳалла банкири” институтининг йўлга қўйилиши ҳар бир хонадоннинг эҳтиёжи, имконияти ва ташаббусини ўрганиш орқали одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бугун маҳаллада амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус ортида инсон манфаати, янги иш ўринлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришдек эзгу мақсадлар мужассам.
Ана шундай эзгу ишлар изчил давом этаётган ҳудудлардан бири — Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги Кулхатиб маҳалласидир.
Бухоро вилоятига бириктирилган “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Бошқарув раиси Малик Авазов, Бухоро вилояти Халқ банки раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова ҳамда Кулхатиб маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Жамшид Жўраев иштирокида маҳаллада хонадонбай ўрганишлар амалга оширилди.
Ўрганишлар жараёнида ҳар бир оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳолининг тадбиркорлик ташаббуслари, янги даромад манбаларини яратиш имкониятлари, имтиёзли молиявий кўмакка бўлган эҳтиёжлари ҳамда фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Мутахассислар томонидан ҳар бир мурожаат юзасидан манзилли ечимлар ишлаб чиқиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, кредит ва молиявий хизматлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган “Диёр Шаҳзод Собир” МЧЖ, “Низомова Зарнигор” МЧЖ ҳамда “Нилуфар Моҳир қўллар” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишилди. Корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари, технологик имкониятлар, маҳсулот сифати, яратилган иш ўринлари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Айниқса, корхоналарда маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва ички бозор билан бир қаторда ташқи бозорларга чиқиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Бу эса маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бугун маҳалла банкирлари фақат кредит ажратувчи тизим эмас, балки ҳар бир хонадоннинг иқтисодий маслаҳатчиси, тадбиркорнинг яқин ҳамкори ва аҳоли фаровонлиги учун масъул ҳамкор сифатида фаолият юритмоқда. Президентимиз белгилаб берган вазифалар ижроси доирасида улар томонидан ҳар бир фуқаронинг имкониятини рўёбга чиқариш, ишсизларни банд этиш, оилаларнинг даромадини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Кулхатиб маҳалласидаги бу каби ўрганишлар ҳам давлатимиз раҳбари илгари сурган “инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, ҳар бир хонадонга кириб бориш, муаммони жойида ҳал этиш ва янги имкониятларни яратишга қаратилган тизимнинг нақадар самарали эканини яна бир бор намоён этди.

Зеро, маҳаллада иқтисодий фаоллик кучайган сари аҳоли фаровонлиги ортади, тадбиркорлик ривожланади, янги иш ўринлари яратилади. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори — кучли маҳалла ва фаровон инсон ҳаётини барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири