Қўнғиротда сайёр қабул ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида навбатдаги кенг қамровли сайёр қабул ташкил этилди.
Ушбу тадбирнинг асосий мақсади аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бевосита жойида ўрганиш, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш ва мурожаатларга тезкор ҳамда манзилли ечим топишдан иборатдир.
Сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, туман мутасадди ташкилотлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда 300 нафардан ортиқ фуқаро қатнашиб, ўзларини қийнаб келаётган масалалар юзасидан мурожаат қилди. Айниқса, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар, кредит ва субсидиялар, инфратузилмани яхшилаш, ҳуқуқий масалалар ҳамда маҳаллаларни ривожлантириш билан боғлиқ мурожаатлар кўпчиликни ташкил этди.
Сайёр қабул доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, банклар, солиқ, суд, адлия органлари, давлат хизматлари маркази ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари аҳоли билан бевосита мулоқот қилинди. Бу эса фуқароларнинг бир нечта идораларга қатнамасдан, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан жавоб олиши ва амалий ёрдамдан фойдаланишига имкон яратди.
Эътиборли жиҳати, сайёр қабул ҳар бир масала партия вакиллари ҳамда масъул ташкилотлар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Кўплаб мурожаатларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар эса партия назоратига олиниб, ижроси юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Тадбир давомида аҳолини иш билан таъминлаш ва даромад манбаини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат ярмаркаси орқали 30 нафарга яқин фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Яна бир қатор иш қидирувчиларга бўш иш ўринлари учун йўлланма берилди.
Шунингдек, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 6 нафар ёшга пайвандлаш ва бошқа ускуналар топширилди. Бу уларнинг мустақил меҳнат фаолиятини бошлаши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, имтиёзли кредит асосида фуқароларга мотокультиваторлар, тикув машиналари, газ плиталари, совутгич, телевизор, мини печь каби зарур жиҳозлар ажратилди. Бу ёрдамлар оилаларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва кичик тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари ҳам эътибордан четда қолмади. 4 нафар фуқарога санаторийларга йўлланма берилди. Ногиронлиги бўлган икки нафар шахсга аравача ҳамда рақамли эшитиш мосламаси топширилди. Ижтимоий реестрда турган эҳтиёжманд оилаларга сув насоси ва сув фильтрлари ўрнатиш учун амалий кўмак кўрсатилди.
Меҳнат ярмаркасида ишга жойлаштирилган Маржона Марданова сайёр қабулнинг амалий натижаларини алоҳида эътироф этди.

— Иш қидириб юрганимга анча вақт бўлган эди. Бугун мурожаатим шу ернинг ўзида кўриб чиқилди ва ишга қабул қилиндим. Энг муҳими, оворагарчилик бўлмади. Бу каби қабуллар одамларнинг ҳаётидаги муҳим масалаларни ҳал қилишга хизмат қилаётганини ўзим ҳис қилдим, — деди у.
Тадбирда иштирок этган маҳалла фаолларидан бири Махсет Қосназаров ҳам сайёр қабулнинг аҳамиятига тўхталди.
— Одамларнинг муаммосини эшитишнинг ўзи етарли эмас, унга ечим топиш муҳим. Бугун аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилди. Масъулларнинг барчаси бир жойда бўлгани фуқаролар учун ҳам, ташкилотлар учун ҳам самарали бўлди, — деди.
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар партиянинг халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга манзилли ечим топиш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган амалий фаолиятини янада мустаҳкамламоқда.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири