Ихчам ва кўчма ёнилғи қуйиш шохобчалари ишлаб чиқарилмоқда (+видео)
Ўзбекистон замини халқимизга бебаҳо неъмат берди. Бу ер остидан сизиб чиқаётган газ ва нефтдир.
Расман қайд этилган рақамлар юртимизда деярли ҳар бир вояга етган инсон автомобилга эгалигидан далолат беради. Уларнинг 90 фоизи эса метан ва қисман пропан газида ҳаракатланади. Замондаги имконият эҳтиёж ўзгаришига олиб келди. Энди бензин, дизель ёнилғисига талаб пасайди. Шундай экан, улкан ёнилғи қуйиш шохобчалари керакми, деган мулоҳаза пайдо бўлади. Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида шу саволга амалий жавоб топдилар. “TEKNIK INNOVTSION” масъулияти чекланган жамиятида ихчам, енгил конструкцияли, кўчма имкониятга эга ёнилғи қуйиш шохобчалари ишлаб чиқарила бошланди. Унинг қулайлиги шундаки, у атиги бир сотих ерга жойлаша олади. Зарур бўлганда исталган манзилга кўчириб бориб қайта ўрнатиш мумкин.

Буни қарангки, бу янгилик жуда тез харидорини топди. Тошлоқда ишлаб чиқарилган кўчма ёқилғи қуйиш шохобчалари юртимиз ва хорижий мамлакатларга йўл олди.
– Ўтган йили 10 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқардик. Шундан 4 миллиард сўмдан ортиғи қўшни мамлакатларга ва Қозоғистонга экспорт қилинди, – дейди “F.A.X.R KUP” корхонаси иш юритувчиси Маъмур Холмуродов. – Бензин ва пропан қуйиш шохобчаларидан ташқари ёнилғи сақловчи резервуар ҳам ишлаб чиқарамиз.

Корхонага халқаро сертификатга эга юқори босимга бардошли металл хом-ашё келтирилгани туфайли маҳсулот кафолати бир неча ўн йилларни қамраб олмоқда. Пайвандлаш ишларида эса робот ёки лазер нури қўлланяпти. Тошлоқлик тадбиркорлар ўз устида тинимсиз ишлайди, изланади. Шу кунларда ҳам ишчи-мутахассисларнинг бир гуруҳи хорижга малака оширгани кетган.

– Хитойда ҳамкорларимиз бор. Айни кунда 10 нафар ишчи мутахассисларимиз янги сиғимлар ишлаб чиқариш, металлни лазер ёрдамида пайвандлаш каби масалаларда тажриба орттиргани кетишган, – дейди Маъмур Холмуродов.

Замон, у билан эҳтиёж қоидалари ўзгаряпти. Бу илгари оддий кўринган хизмат турлари мисолида ҳам аён бўлмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FV--W0wVsf0" title="Xizmat shaklini ehtiyoj belgilaganda..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА