85 миллион сўмлик товон
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш — мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ижод аҳлининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муаллифлик ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш, ижодкорларнинг меҳнатини қадрлаш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимнинг илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги кафолатланган. Шунингдек, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши алоҳида белгилаб қўйилган. Бу эса ҳар қандай асардан, жумладан, шеър, қўшиқ, мусиқа ёки бошқа ижод намунасидан муаллифнинг розилигисиз фойдаланиш қонунбузарлик эканини англатади.
Айнан шундай ҳолатлардан бири Бухоро вилоятида кузатилди. Таниқли шоирнинг шеъри хонанда томонидан муаллиф рухсатисиз, лицензия шартномаси тузилмаган ҳолда қўшиқ қилиб ижро этилган ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Бу эса “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун талабларининг очиқчасига бузилишига сабаб бўлди.
Томонлар ўзаро келишувга эриша олмаганидан кейин шоир судга мурожаат қилиб, маънавий зарар ва товон пули ундиришни талаб қилди. Суд иш материалларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, даъвогар фойдасига 10 миллион сўм маънавий зарар ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробари миқдорида — 75 миллион сўм товон пули, жами 85 миллион сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилди.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Бухоро вилоятининг Жондор тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро иши қўзғатилди ва қарздорга қонунчиликда белгиланган тартибда ихтиёрий бажариш учун муддат берилди. Бироқ белгиланган вақт мобайнида қарздор томонидан қарздорликни бартараф этиш юзасидан ҳеч қандай чора кўрилмади.
Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари бошланиб, қарздорга тегишли автотранспорт воситасига нисбатан тақиқ қўйилди ва қидирув эълон қилинди. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли бўлган “Damas” русумли автомашина аниқланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди.
Автомашина баҳоланиб, уни онлайн-аукцион савдосига чиқариш бўйича расмий огоҳлантириш берилгач, қарздор ўз мажбуриятини англаб етди. Натижада суд қарорида белгиланган 85 миллион сўм қарздорлик тўлиқ қопланди ва ижро ҳужжати амалда тўлиқ бажарилди.
Бу воқеа бир ҳақиқатни яна бир бор исботлади: интеллектуал мулк ҳам бошқа мулк каби дахлсиздир. Муаллифнинг розилигисиз унинг ижод маҳсулидан фойдаланиш нафақат ҳуқуқбузарлик, балки катта молиявий йўқотишларга ҳам олиб келиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири