Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бўйича янги илмий-услубий қўлланма нашр этилди
Қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида муҳим илмий-услубий қўлланма чоп этилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Аграр соҳада ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва рақамлаштириш департаменти мутахассислари томонидан тайёрланган «Ахборот тизимларида қишлоқ хўжалиги экинларини контурлар кесимида жойлаштириш ва мониторинг қилиш» номли қўлланма соҳада рақамли бошқарувни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Унда «Agroportal» ва «CropAgro» ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини дала контурлари бўйича рақамли ҳисобга олиш, уларнинг ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш ҳамда маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий усуллари кенг ёритилган.
Қўлланмада кадастр маълумотлари, тупроқ-мелиоратив кўрсаткичлар, сув таъминоти, географик ахборот тизимлари (GIS) ва масофадан зондлаш маълумотларини ўзаро интеграция қилиш орқали маълумотлар аниқлиги ва ишончлилигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, дала контурларини шакллантириш, экинлар ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимларига киритиш ва янгилаш, режалаштирилган ҳамда амалда экилган майдонларни таққослаш, фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлатилаётган ер участкаларини аниқлаш бўйича амалий тавсиялар ҳам келтирилган.
Интерактив хариталар ва автоматлаштирилган таҳлил воситалари орқали раҳбарлар ҳамда соҳа мутахассисларига тезкор ва асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини берувчи ечимлар ҳам қўлланманинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади.
Мазкур нашр фермер ва деҳқон хўжаликлари, кластерлар, агрофирмалар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, «Agroportal» тизимида фаолият юритувчи барча ер фойдаланувчилари учун амалий аҳамиятга эга. Шу билан бирга, давлат ташкилотлари мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлар, магистрантлар ва талабалар учун ҳам қимматли илмий-услубий манба сифатида хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА