Қўшработлик эҳтиёжмандларга мурувват кўрсатилди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги 250 дан зиёд эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар берилди.
Шу йилнинг 16 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида энг улуғ, энг азиз байрамни маҳаллаларда кўтаринки руҳда ўтказиш учун “Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилинганди.
Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда ҳам ойлик доирасида амалий ишларга киришилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилояти вакиллиги ҳамкорлигида Қўшработ туманида саховат тадбирлари уюштирилди.

Вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, имом-хатиблари ҳамда жорий йилда муборак Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирокида туман маҳаллаларидаги ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга ташаббускор ҳожилар ҳомийлигида мактаб формалари, ўқув қуроллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.


– Муҳтож инсонларга мурувват кўрсатиш, етимларнинг бошини силаш муқаддас динимиздаги энг эзгу амаллардан ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайруллоҳ Сатторов. – Шунинг учун имом-хатибларимиз ва муборак сафарни адо этиб келган ҳожиларимиз Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан эълон қилинган “Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат” ойлигида фаол иштирок этишга аҳд қилиб, бу хайрли ишга бош қўшдилар. Аҳоли хонадонларига кириб, уларга совға-саломларни етказиш билан бирга маърифий суҳбатлар ҳам уюштирдик, одамларнинг фикрларини эшитдик.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, бундай мурувват тадбирлари вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири