Қишлоқ хўжалигида қонунийлик ва сифат устувор
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини изчил ривожлантириш, ер ва ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
2025 йил давомида қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш мақсадида кенг кўламли назорат тадбирлари ўтказилиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, йил давомида 117 мингдан ортиқ назорат тадбирлари амалга оширилгани соҳада назорат қамрови кенгайганини кўрсатади. Аниқланган ҳолатлар юзасидан маъмурий чоралар кўрилиб, профилактика ишлари изчил давом эттирилди.
Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш устидан назорат кучайтирилиб, айниқса, ноқонуний эгаллаш ва қурилиш ҳолатлари кўп учрагани қайд этилди. Натижада юзлаб гектар қишлоқ хўжалиги ерларида қонунбузилишлар аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан 259,2 миллиард сўм миқдорида зарар ҳисоблангани бу борадаги масъулиятни янада оширади.

Замонавий технологиялар, жумладан, космик мониторинг тизими жорий этилиши эса қонунбузилишларни тезкор аниқлаш имконини бермоқда.
– Ер ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат тизимли равишда кучайтирилмоқда, – дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Валижон Ҳасанов. – Хусусан, замонавий мониторинг тизимлари орқали қонунбузилиш ҳолатлари тезкор аниқланиб, ҳар бир ҳолат жойида ўрганилмоқда. Бу ерлардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Уруғчилик соҳасида ҳам қатъий назорат ўрнатилиб, сифатсиз уруғликлар тарқалишининг олди олинди. Бир қатор хўжаликлар уруғлик етиштириш ҳуқуқидан маҳрум этилди, агротехник талабларга жавоб бермаган майдонлар эса уруғлик ҳисобидан чиқарилди.
Шунингдек, дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари соҳасида ҳам тизимли назорат амалга оширилиб, маҳсулотлар сифат жиҳатидан текширилди. Импорт маҳсулотлар ҳам лаборатория таҳлилларидан ўтказилиб, ички бозорга сифатли маҳсулотлар чиқарилиши таъминланди.

Арбитраж гуруҳлари орқали дон ва пахта қабул қилиш жараёнларида юзага келган низоларнинг аксарияти фермерлар фойдасига ҳал этилди. Бу эса ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлди.
Ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ун ва ёғ-мой корхоналарида ҳам ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Рақамлаштириш жараёнлари эса соҳада янги босқични бошлаб берди. Бир қатор вазирлик ва идоралар билан ахборот тизимлари интеграция қилиниб, давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилмоқда.
– Инспекция томонидан амалга оширилаётган ишлар нафақат назоратни, балки тизимли профилактикани ҳам қамраб олмоқда, – дейди Валижон Ҳасанов. – Бу эса қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш, маҳсулот сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигида қонунийликни мустаҳкамлаш, маҳсулот сифати ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА