Тиббиёт: хитойлик мутахассислар иштирокида юқори технологик амалиётлар ўтказилади
Миллий тиббиёт марказига Хитойнинг Сиань университети шифохонасининг етакчи кардиожарроҳлари ташриф буюради. Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги тиббий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва соҳага инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Ташриф доирасида хорижлик мутахассислар томонидан маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда бир қатор минимал инвазив кардиожарроҳлик (MICS) амалиётлари бажарилиши режалаштирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу замонавий усул анъанавий усулдан фарқли равишда, кўкрак қафасини тўлиқ очишни талаб этмайди. Жарроҳлик амалиётлари кичик кесимлар орқали амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, беморларнинг тезроқ соғайишига, жарроҳликдан кейинги оғриқларнинг камайишига ва шифохонада қолиш муддатининг қисқаришига имкон беради.
Хитойнинг етакчи тиббиёт мутахассислари ва юртимиз шифокорлари ўртасидаги бу каби изчил ҳамкорлик ўзаро тажриба алмашиш, илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда маҳаллий кардиожарроҳлик йўналишини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир доирасида, шунингдек, соҳа мутахассислари учун маҳорат дарслари ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари жараёни бўйича муҳокамалар ўтказилиши кўзда тутилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА