Қишлоқ хўжалигида амалиёт ва илм уйғун бўлса, ҳар бир дон ва ғоя баракага айланади
Муносабат
Инсон учун муҳим неъматлар қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи билан янада баракали ва тўкин бўлади, десак муболаға бўлмайди. Мазкур соҳа ижтимоий барқарорлик билан бирга, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 мартда “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Аграр соҳада шаффофлик, самарадорлик, илм ва инновациялар орқали ёндашишнинг ўрни хусусида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг фикрларига қизиқдик.

– Қишлоқ хўжалиги, бу – нафақат ер ва сув билан боғлиқ соҳа, балки илм, билим ва инновация билан бойитилиши лозим бўлган тараққиёт майдонидир, – дея фикрини бошлади вазир Иброҳим Абдураҳмонов. – Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилиши мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга ташаббусдир. Академия Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг ҳуқуқий вориси сифатида фаолият юритади ва соҳада илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга олиб чиқади.
Академия аъзоларига берилувчи илмий унвонлар тизими ҳам эътиборга молик. Ёш академиклардан тортиб, профессорлар, мухбир аъзолар ва ҳақиқий академиклар сирасида илмий мактаблар фаолияти ривожланади. Бу тизим “устоз–шогирд” тамойили асосида иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотлар жараёнига жалб қилиш имконини беради. Шу орқали илмий ёндашув нафaқат сўзда, балки амалиётда ҳам шаклланади. Унга хорижий ва фахрий аъзоларни жалб қилиш эса глобал ҳамкорлик сари қўйилган яна бир қадамдир.
Шунингдек, “Қишлоқ хўжалигида илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси таъсис этилиб, у орқали илмий тадқиқотлар учун моддий ва молиявий кафолат мустаҳкамланади.
Академия ҳузурида Қишлоқ хўжалигида фундаментал тадқиқотлар маркази (Center of Excellence) ташкил этилиши илмий ишларнинг самарадорлигини оширади. Марказ глобал иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги ва шўрланиш муаммолари асосларини тадқиқ қилади, юқори ҳосилдор ва иқлимга чидамли экинлар ҳамда дурагайлар яратиш билан шуғулланади. “Илмга асосланган, амалиётга йўналтирилган” тамойиллар – академиянинг асосий йўналиши бўлиб, илмий билимни замонавий қишлоқ хўжалигига интеграциялашни назарда тутади.
Академиянинг бу ташаббуслари орқали илмий салоҳият, инновацион фикр ва амалий тажриба уйғунлиги яратилади. Илм ва технологиялар билан суғорилган қишлоқ хўжалиги нафақат маҳсулдорликни оширади, балки мамлакатимизда рақобатбардош, билимли ва замонавий кадрлар авлодини шакллантиради. Бу – қишлоқ хўжалиги соҳасида янги даврнинг бошланиши, инновация ва тараққиёт сари дадил қадамдир. Амалиёт ва илм уйғун бўлса, ҳар бир дон ва ҳар бир ғоя баракага айланади, ривож топади. Академия эса бу уйғунликни таъминловчи асосий марказга айланади.
Дарҳақиқат, бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва ресурс тежамкор технологиялар масаласи глобал аҳамият касб этмоқда. Ана шундай шароитда аграр соҳада рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва ишлаб чиқаришни бирлаштириш — стратегик вазифалардан бирига айлангани бор гап. Шу нуқтаи назардан, Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳаси ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳамда 30 та вазирлик ва идоралар билан келишилгани унинг пухта ўйланган ва тизимли ёндашув асосида ишлаб чиқилганини кўрсатади. Энг муҳими, таклифлар фақат назарий ўзгаришлар эмас, балки амалиётга қаратилган аниқ механизмларни ўз ичига олади.
Аввало, таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида шартнома асосида аграр таълим – ишлаб чиқариш кластери ташкил этилади. Бу – аудиторияда олинган билимни бевосита дала ва лаборатория шароитида синаб кўриш имконияти демакдир. Илмга қадам қўйган ёшлар учун, бу – катта имконият эшиги.
Замонавий қишлоқ хўжалиги фақат ер ва сув билан эмас, балки алгоритм ва маълумотлар билан ҳам бошқарилмоқда. Аграр таълимда қилинган бу каби янгиланишлар – келажак ҳосилига қаратилган сармоядир. Зеро, илм билан суғорилган ер ҳам, онг ҳам, албатта, барака беради.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
ёзиб олди.