Сурхондарёликлар Тахиатошни обод ва фаровон туманга айлантирмоқда
Президентимиз ғояси билан Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳарларига вилоятлар бириктирилиб, иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланган.
Сурхондарё вилоятига бириктирилган Тахиатош туманида қарийб 78 минг аҳоли яшайди. Камбағалчилик даражаси 4,4 фоизни, ишсизлик 5,2 фоизни ташкил этади. Ижтимоий реестрда турган 1 минг 749 та оилада 7 минг киши истиқомат қилади.
Жанубдаги воҳага боғланган туман ижтимоий-иқтисодий ривожланиб, обод ва фаровон гўшага айланмоқда. Ўтган йилларда вилоят кўмагида туманда 100 миллиард сўмликка яқин бунёдкорлик ишлари бажарилиб, инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, биргина “Найманкўл” овул фуқаролар йиғинида 1,5 миллиард сўмлик жундан гилам тўқиш цехи, 1,6 миллиард сўмга 50 ўринли “Нуронийлар чойхонаси”, 1,1 миллиард сўм маблағ эвазига фуқаролар йиғини туман қишлоқ хўжалиги бўлими биноси тубдан таъмирланди. “Абат макон” овул фуқаролар йиғинида 2,2 миллиард сўмлик 170 ўринли “Ёшлар боғи” таъмирланиб, барча шароит яратилди. Тахиатош ва Қўшчиллик маҳаллари учун янги замонавий маҳалла бинолари қуриб берилди.

Вилоят раҳбарлари туманда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар ва юз бераётган ўзгаришлар билан танишишни, муаммоларни ўрганишни ҳам ажойиб анъанага айлантирди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бу галги сафари чоғида делегация аъзолари билан ҳудуддаги янгиланишларни кўздан кечирди. Келгуси режалар ва амалга ошириладиган янги лойиҳалар билан танишди. Мавжуд имкониятлар ва аниқланган муаммолар муҳокама этилиб, ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар топширилди, ижро муддатлари ва амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Сурхондарёликлар тахиатошлик бовурлар ҳаётини тубдан ўзгартиришга астойдил бел боғлаган. Шу мақсадда ҳудудларни ривожлантириб, янги иш ўринлари яратиш, камбағаллик даражасини пасайтириш, замонавий саноат корхоналари барпо этишдек улуғвор режаларни белгилаб олган. Масалан, ҳудуднинг камбағаллик даражасини пасайтириш учун камбағал оила аъзолари касбга ўқитилиб, икки миллиард сўмга 30 хонадонга иссиқхона барпо этиб берилди. 20 та хонадонда 500 тадан жўжа очиш қувватига эга инкубаторлар барпо этилди. Пиллачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш учун воҳадан етти минг туп тут кўчати ва ўн минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари олиб бориб экилди. 100 гектар майдонга ишлов берилиб, сердаромад экинлар экилди. 12 километр масофадаги зовур тозаланиб, 19 чақирим янги ариқ зовур қазилди. Оғир шароитда яшайдиган 667 оила уй-жойининг том қисми ёпилиб, авария ҳолатдаги турар-жойлари қайта қуриб берилди.
Тахиатошлик ёшларнинг вилоятга келиб, воҳа йигит-қизлари билан тажриба алмашиши, эҳтиёжманд оилалари фарзандларининг Сурхондарёда ёзги таътил кунларини ўтказиши йўлга қўйилди.

– Қорақалпоғистондан бириктирилган туман аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам эътибор қарата бошладик, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоҳидов. – Шу йилнинг август ойида бир гуруҳ энг тажрибали шифокорларимиз Тахиатошда бўлиб, эҳтиёжманд оилалар вакилларини тиббий кўрикдан ўтказди. Касаллик аниқланган беморларга стационар ва амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. Тўрт нафар бемор жарроҳлик амалиётидан ўтказилиб, саломатлиги қайта тикланди.
Ривожлантириш стратегияси жорий этилаётган туманда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, улар ўз қизиқишига қараб, компьютер жиҳозлари, тикув машиналари, пайвандлаш ва бошқа қурилиш ускуналари, инкубатор, хизмат кўрсатиш анжомлари билан таъминланаётир.

Сурхондарёлик тадбиркорлар ўтган йилларда қиймати 11 миллион долларлик тўқимачилик, иссиқхоначилик ва қурилиш йўналишларида 8 та лойиҳани ишга тушириб, 345 та янги иш ўрни яратди. “Сурхон Тахиатош Текстиль” масъулияти чекланган жамиятида қиймати 9,7 миллион долларлик тикувчилик корхонаси барпо этилиб, 200 та иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида корхона Россия Федерациясига 600 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди.
Йил якунигача вилоят тадбиркорлари яна 10,6 миллион долларлик олтита лойиҳани амалга ошириб, 265 та янги иш ўрни яратишни мўлжалламоқда. "Сурхон сендвич” масъулияти чекланган жамияти 6,4 миллион доллар эвазига “Ёшлар саноат зонаси”ни ташкил этиб, қўшимча янги 70 та иш ўрни барпо этади.
Эндиликда тумандаги фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиб, аҳоли даромадларини ошириш учун Тахиатошнинг 14 та маҳалласига Сурхондарё вилоятининг 15 та туман ва шаҳар ҳокимлари бириктирилди. Улар ҳар бир маҳалланинг ҳолати ва мавжуд имкониятларини бирма-бир кўриб чиқиб, салоҳиятини ўрганди. Лойиҳалар белгилаб олинди. Маҳаллаларнинг имконият ва камбағаллик даражаси, аҳолининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, биттадан сурхондарёлик лидер тадбиркор бириктирилди. Улар маҳаллаларда қиймати 40 миллион долларлик 16 та лойиҳани амалга оширади. Бу ишларни амалга оширишда энг оғир маҳаллаларни ривожлантириб, янги Ўзбекистон қиёфасини яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Тумандаги Обод Макон маҳалласида 6 минг 800 киши яшайди. 103 та камбағал оила, 161 нафар ишсиз фуқаро бор. Ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартириш учун Термиз шаҳридаги “Сурхон саноат қурилиш” компанияси маҳалла марказида "Янги Ўзбекистон" массиви лойиҳаси асосида “Сурхон” массивини барпо этади. Юз оилага мўлжалланган тўртта кўп қаватли уй қуриб, уларнинг биринчи қаватида 32 та хизмат кўрсатиш ва савдо нуқтаси, 50 ўринли шинам меҳмонхона бунёд этади. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши 150 кишининг бандлигини таъминлайди. Янги иш ўринларининг 100 тасига камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари жалб этилади. Улар ҳозирда касб-ҳунар ва ишбилармонликка ўқитилиб, кўникмаси оширилмоқда.
Маҳаллада амалга ошириладиган истиқболли лойиҳаларга камбағал оилаларни жалб этиш ҳисобига йил якунигача ҳудуднинг камбағаллик даражасини 50 фоизгача камайтириб, маҳалланинг камбағаллик даражасини ҳозирги 5,1 фоиздан 2 фоизгача камайтириш ва ишбилармонлар маҳалласига айлантириш кўзда тутилмоқда.
Вилоятдаги “Сурхон сендвич” масъулияти чекланган жамияти Тахиатошнинг Жайхун маҳалласи ҳудудида “Ёшлар ХАБИ” ва “Ёшлар саноат зонаси”ни барпо этади. Маҳалладаги ижтимоий реестрга киритилган камбағал оилалар ва 160 нафар ишсизлар тўлиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга жалб этилади. Лойиҳани амалга ошириш маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб, камбағаллик даражасини 5,6 фоиздан 2,3 фоизгача туширади.

Ўрганишлар чоғида тумандаги Халқлар Дўстлиги маҳалласида узумчиликни ривожлантириш учун қулай шароит борлиги аниқланган. Бу имкониятдан оқилона фойдаланиш учун юзта хонадонда Олтинсой тумани мисолида узум парваришлаш йўлга қўйилиб, доимий юз ва мавсумий 150 иш ўрни яратилади. Маҳалла биноси қайта таъмирланиб, маҳалла маркази қуриб берилади. Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши йил якунигача маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб, камбағаллик даражасини 2 фоизгача туширади. Маҳаллада фақат ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бор шахсларгина камбағал оилалар реестрида қолади.
Тахиатошга Сурхондарё вилоятидан бириктирилган туманлар маҳаллаларга ўзларининг ривожланиш йўналишларини жорий этиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Маҳалларда креатив парк, спорт майдонлари қад ростламоқда. Новвойчилик йўлга қўйилаётир. Жарқўрғон тумани мисолида ободонлаштириш ва муқобил энергиядан фойдаланиш, мактабларнинг бўш турган биноларида ўқув марказлари, тайёрлов курслари, савдо нуқталари, хизмат кўрсатиш объектлари, сутни қайта ишлаш лойиҳаси, Шеробод тумани мисолида юз хонадонда анор етиштириш, чорвачилик, иссиқхоначилик, Шеробод туз ғори ва Бойсун туманидаги “Омонхона” дам олиш масканининг ўхшаш нусхаси ташкил этилиб, даволаниш маскани, 300 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, 24/7 шохобчалари, болалар ўйингоҳи, Сариосиё тумани мисолида ёшлар ва туризм марказлари дунёга машҳур “Сангардак” шаршарасининг ўхшаш нусхаси қурилиб, ишга туширилади. Узун тумани мисолида 150 та хонадонда паррандачилик ва қушчилик, Бандихон тумани мисолида боғ ташкил этилади.

Сурхондарё вилояти мисолида маҳаллаларда янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши Тахиатошни Қорақалпоғистондаги энг ривожланган, одамлари ҳаётидан рози бўлиб яшаётган обод ва фаровон туманга айлантиради.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири