Қиш мавсумида энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан барқарор таъминлаш масаласи доимий эътибор марказида турибди. Шу йўналишда энергетика тизимида ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш, таъминот узлуксизлигини таъминлаш ҳамда авария ҳолатларини тезкор бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимованинг маълум қилишича, кеча, 21 январь куни электр станциялари орқали жами 272,9 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бу режадагига нисбатан 106 фоизни ташкил этди. Шу куни республика истеъмолчиларига 245,7 миллион кВт·соат электр энергияси етказиб берилган бўлиб, ушбу кўрсаткич режага нисбатан 102 фоизга тенгдир.
Шунингдек, табиий газ истеъмоли 146,2 миллион метр кубни ташкил қилди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари, махсус техникалар ва жамоат транспортлари учун 2 миллион метр куб табиий газ етказиб берилди.
Маълум қилинишича, 2 минг 300 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, бу режага нисбатан 109 фоиз кўпдир. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 2 минг 200 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Ҳудудлардаги газ тўлдириш шохобчаларида эса 7,4 минг тонна суюлтирилган газ захираси яратилган.
Биржа савдоларига жами 12,3 минг тонна автобензин ва 14,7 минг тонна дизель ёнилғиси чиқарилиб, шундан 5 минг тонна бензин ва 680 тонна дизель ёнилғиси сотилган. Шу билан бирга, савдога қўйилган 2 428 тонна суюлтирилган газдан 2 368 тоннаси харид қилинган.
Аҳамиятлиси, кеча электр таъминоти тизимида 8 та, газ таъминотида эса 1 та носозлик юзага келган бўлиб, улар авария бригадалари томонидан тезкорлик билан бартараф этилди. Айни пайтда тизим 24/7 режимида кучайтирилган тартибда ишлаб, авария бригадалари томонидан носозликлар бартараф этилган ҳолда таъминотни босқичма-босқич тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА