Қирғизистоннинг «Куса» моноспектакли ўзбек томошабинлари эътиборида
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри қардош ва хорижий давлатлар театрлари билан самарали ижодий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ана шундай ҳамкорлик натижасида жорий йилнинг апрель ойида театр жамоаси ўз спектаклини Қирғизистон санъат мухлисларига тақдим этган эди.
Айни кунларда эса Қирғизистоннинг Т.Ажибаев номидаги Олой мусиқали драма театри Тошкентда ижодий сафар билан бўлиб турибди.
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри саҳнасида мазкур театрнинг «Куса» («Соғинч») номли моноспектакли ўзбек томошабинлари эътиборига ҳавола этилди.

Айтиш жоизки, бундай ҳамкорлик ҳар икки мамлакат театрларининг сара спектаклларидан баҳраманд бўлиш, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этади.
Спектакль Канибек Ийманалиев асари асосида саҳналаштирилган. Уни саҳнага қўйишда Уланмирза Қаришбаевнинг хизматлари катта. У Чингиз Айтматов номидаги халқаро мукофот совриндори сифатида ҳам танилган.
Алимқул Исақов ижросидаги «Куса» моноспектаклида ғам-ғуссага ботган онанинг изтироблари, фарзанд ва отанинг ёшлик ҳамда кексалик давридаги кечмишлари, руҳий кечинмалари ва ўй-хаёллари бир актёр томонидан юксак маҳорат билан ифода этилган. Асарда машаққатлар билан ўғлини вояга етказиб, уни урушга кузатган ота-онанинг қалб изтироблари таъсирчан тарзда ёритилган.

Спектакль бош қаҳрамоннинг ўтмиш, бой берилган имкониятлар, яқинларига бўлган чексиз соғинчи ва ҳаётнинг оғир синовлари қаршисида ёлғиз қолиши ҳақидаги чуқур фалсафий мушоҳадаларига асосланган.
Режиссёр биргина ҳикоя асосида бир соатлик кучли психологик моноспектакль яратишга муваффақ бўлган. Саҳнадаги оддий буюмлар — челак, сандиқ ва тўп каби жиҳозлар рамзий маънода қаҳрамоннинг уйи, радиоси, сув идиши ёки фарзанди тимсолини ифодалаш учун қўллангани диққатга сазовор.

— Қирғиз ижодкорларининг театримизга ташрифи бизни хурсанд қилди, — дейди Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри актёри, «Шуҳрат» медали соҳиби Улуғбек Рустамов. — Спектакль ўзбек томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинди. Тадбир сўнгида меҳмонларга Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, театр жамоаси томонидан эсдалик совғалари топширилди. Ишонаманки, ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам давом этади.
Дарҳақиқат, бундай спектакллар, ижодий сафарлар ва мулоқотлар икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири