Қирғизистон Терроризмга қарши кураш маркази ваколати кенгайтирилди
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) таркибидаги Терроризмга қарши кураш марказини тартибга солувчи низомга ўзгариш киритиб, тузилманинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш йўлидаги вазифасини сезиларли даражада кенгайтирди.
Қарорга кўра, марказ энди тегишли жиноятни аниқлаш, салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва муаммога қарши курашиш, шунингдек ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида давлат идоралари ҳаракатини мувофиқлаштиради. Шунингдек, мустақил равишда разведка ва тергов амалиёти ўтказиш ҳуқуқига эга.
Янги мажбурият сифатида террор ва бошқа турдаги жиноий фаолиятни бостириш учун махсус амалиёт ташкил қилиш, гумондорга нисбатан қонунда белгиланган чорани кўриш ёки вақтинча чеклов қўллаш ҳам белгиланди.
Ўзгариш агентлик тузилмасига ҳам таъсир кўрсатди: энди директорнинг биринчи ўринбосари ва яна уч ўринбосари бўлади. МХДҚ ходимлари сони эса ўзгаришсиз қолади. Қарор 10 кундан кейин кучга киради.
С.Раҳимов, ЎзА