АЭС қурилиши учун қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентда “Ўзбекистон Республикасида интеграциялашган АЭС лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон компаниялари билан қўшма корхоналар ташкил этиш” мавзусига бағишланган кенг кўламли соҳавий анжуман ўтказилди.
Унда “Ўзатом” агентлиги, “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи компаниялари мутахассислари иштирок этди. Тадбирда АЭС қурилишида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва саноат ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Анжуман давомида замонавий атом станцияларини қуришда илғор технологиялардан фойдаланиш, қурилиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда зарур материаллар ва ускуналарни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди. Жумладан, захира электр таъминоти тизимлари, ёрдамчи энергетика ускуналари ва бошқа муҳим инфратузилма воситаларини ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар иштирокини таъминлашга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия компаниялари ўртасида автоматлаштирилган бошқарув ва радиациявий назорат тизимлари, махсус вентиляция ва газни тозалаш қурилмалари, полимер қувурлар, иссиқлик изоляцияси материаллари ҳамда қурилишда ишлатиладиган махсус кимёвий қўшимчаларни ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Мазкур йўналишларда қўшма корхоналар ташкил этиш ва илғор технологияларни жорий қилиш орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Анжуман доирасида ташкил этилган B2B учрашувларида икки мамлакат компаниялари вакиллари тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб, ўзаро манфаатли таклифларни муҳокама қилди. Бунда маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан бир қаторда, малакали мутахассислар тайёрлаш, маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Таъкидланганидек, АЭС лойиҳасида маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар улушини камида 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, Жиззах вилоятининг Фориш туманида станцияни зарур материаллар ва ускуналар билан таъминлашга хизмат қиладиган махсус саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилган. Бу ташаббуслар маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА