Қайта жон киритилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари (+видео)
Барчамизга маълумки, бугун “Ташаббусли бюджет” катта ижтимоий лойиҳага айланиб, айрим маҳаллаларнинг инфратузилмаси учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолди. Аммо бу жараёнда кимдир овоз тўплай олади, кимдир эса охирги сонияда четда қолиб кетади. Юзлаб, минглаб одамларнинг умиди якуний натижалардан сўнг пучга чиқиб, ҳафсаласи пир бўлади.
Энди эса ғолиб бўлмаган лойиҳаларга яна бир имконият берилмоқда. Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ташаббусли бюджет” жараёнида Қонунчилик палатаси депутатларининг иштирокига оид янги амалиёт жорий қилинди. Бу амалиёт шу йилдан бошлаб жойларда илк маротаба амалга оширила бошланди.
Айни шу “Ташаббусли бюджет” жараёнлари ва депутатларнинг танловлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Валиев билан суҳбатлашдик.
— Бу йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнларида илк бор қуйи палата депутатларига “Опен бюджет”да ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан лойиҳаларни танлаб олиш имконияти берилди. Яқинда депутатлар бу ваколатдан фойдаланган ҳолда жойлардаги ғолиб бўлмаган кўплаб лойиҳаларга қайта “жон киритди”, десак муболаға бўлмайди. Айтингчи, бу ташаббуснинг илк жараёнлари қандай кечди, лойиҳаларни танлаб олишда нималарга эътибор қаратилди?
— Дарҳақиқат, бугун “Ташаббусли бюджет” халқимизга берилган катта имконият бўлди. Лойиҳа асосида маҳаллаларимизнинг қиёфаси ўзгармоқда, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолар ҳал этилмоқда. Охирги йилларда ушбу лойиҳа ўз самарасини беряпти. Маҳаллалар бу лойиҳа доирасида бирлашмоқда.
2026 йилдан бошлаб депутатларимизга лойиҳаларни танлаб олиш имконияти берилгани депутатлар ва сайловчилар муносабатларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу йилдан ҳар бир депутатимизнинг танлаган лойиҳасига икки мавсум учун жами 3,3 миллиард сўмлик маблағ ажратилмоқда.
Депутат ғолиб бўлмаган лойиҳа орасидан танлаши учун белгиланган мезонлар бор. Жумладан, ҳар бир лойиҳа камида 50 та овоз тўплаган бўлиши керак. Кетма-кет икки мавсумда ғолиб бўлмаган лойиҳа бўлиши лозим. Шерикчилик асосида ҳам молиялаштириладиган лойиҳалар бор. Яъни, аҳоли ўз ташаббуси билан лойиҳанинг 50 фоиз маблағини молиялаштирса, қолгани давлат бюджетидан йўналтириб берилади. Депутат танлайдигани эса ана шу шерикчиликда танланган лойиҳа бўлмаслиги керак.
Лойиҳаларни танлашда айнан шу мезонларга эътибор қаратилди ва ўрганишлар давомида лойиҳанинг долзарблиги, қанчалик муҳимлиги, у қанча аҳолига нафи тегади ва бошқа шу кабиларга жиддий эътибор қаратилди. Тўғри, ҳамма лойиҳа муҳим, лекин энг долзарбини танлаш зарур бўлади. Бу, албатта, депутатлардан ҳам катта масъулият талаб қилади.
— Бу сафар депутатлар ҳар галгидан фарқли равишда қўлларида “яшил карта” билан, “калит” билан ҳудудларга борди. Бу жараёнда аҳолининг кайфияти, реакцияси қандай бўлди? Депутатларнинг-чи?
— Албатта, ғолиб бўлмаган лойиҳа учун яна қўшимча имконият берилиши аҳолининг ҳам кайфиятини кўтарди, уларга янги умид берди. Айрим лойиҳалар борки, бир неча мавсумдан буён ғолиб бўлолмай келган. Ғолибликка интилган маҳаллалар учун бу қўшимча имконият бўлиб, турли йўналишлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Буни ҳамюртларимиз катта қизиқиш ва мамнунлик билан қабул қилди.
Бу жараён ўз навбатида, биз депутатларга ҳам кайфият бағишлади, сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлишига, яна бир бор уларнинг ишончини оқлашга туртки бўлди.
— Биргина “Адолат” СДП фракцияси аъзолари мисолида рақамларни очиқласангиз — фракциянинг неча нафар аъзоси жойларга чиқди ва нечта лойиҳа танланди? Уларга жами қанча бюджет маблағлари ажратиладиган бўлди?
— Фракциямизнинг 20 нафар аъзоси жойларда ўрганишлар олиб борди. Лойиҳаларни жойига чиқиб ўрганди. Улар орасида йўлларни, мактаб, боғчаларни таъмирлаш ёки қўшимча бинолар қуриш, тиббиёт муассасалари базасини яхшилаш, ичимлик суви масаласи ёки маҳаллаларни ободонлаштириш каби турли йўналишга қаратилган лойиҳалар мавжуд.
Улар орасидан энг долзарб деб топилганлари фракциядошларимиз томонидан танланди ва жами 31,5 миллиард сўм бюджет маблағлари молиялаштириладиган бўлди.
— Депутатлар томонидан лойиҳалар танланди, маблағлар ажратиладиган бўлди. Энди бу лойиҳалар қачондан амалга оширила бошланади?
— Лойиҳалар танланиши билан маблағлар ажратилиши жараёни бошлаб юборилади. Мақсад қисқа фурсатда амалий натижага эришиш. Лойиҳалар бўйича қурувчи ташкилотлар ёки тадбиркорлар ўртасида тендер ўтказиш масалалари турибди. Бу ҳам шаффоф тарзда ўтиши учун назорат қилинади. Бюджетнинг бир сўмини ҳам мақсадли сарфлаш чоралари кўрилади.
Қўшимча қилиб айтиш керакки, ҳозир биринчи мавсумда танлов амалга оширилди. Энди иккинчи мавсумга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Лойиҳалардаги мавжуд камчиликлар тўлдирилади ва кейинги мавсум учун тайёргарлик кўрила бошланди. Кейинги мавсумда ҳам депутатлар танлови учун 1 миллиард 600 миллион сўм маблағлар ажратилади.
— Демак, “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғолмаган лойиҳаларга депутатлар томонидан “иккинчи ҳаёт” берилиши, яна имконият берилиб, давлатдан маблағлар ажратилиши жойлардаги муаммолар ечимига хизмат қилади. Бу эса халқимиз учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг ўз ҳаётидан, давлатдан рози бўлиб яшашларига, халқ вакилларига ишончи ортишига замин бўлади.
— Албатта, мамлакатимиздаги ислоҳотлар, аввало, инсон қадрига қаратилган. “Ташаббусли бюджет”лойиҳаси йўлга қўйилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Қисқа фурсатда кенг қулоч ёйди. Йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда, овоз бериш жараёнлари такомиллаштирилди, тажриба орттирилди. Бу ташаббус аҳолига ўзи муҳим деб билган лойиҳани ўзлари танлаш имконини бермоқда. Бу борада депутатлар иштироки билан яна кенг имкониятлар тақдим этилгани қўшимча маблағлар ажратилган ҳолда лойиҳаларга ҳаёт бағишлайди. Бу чоралар эса комплекс равишда янги Ўзбекистон қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NEWZaTTdVWw" title="Qayta jon kiritilgan “Tashabbusli byudjet” loyihalari " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов,
Анвар Аҳмедов (видео),
ЎзА