Қайта ҳисоб-китоб натижасида 869,4 миллиард сўм миқдорида қўшимча солиқлар ундирилди
Солиқ маъмурчилиги тизимида рақамлаштириш жараёнлари изчил давом этмоқда. Жорий этилган янги ёндашувлар, хусусан текширувдан олдинги таҳлиллар механизми иқтисодиётдаги реал ҳолатни аниқроқ баҳолаш, ҳисоботлар шаффофлигини ошириш ҳамда яширин иқтисодий фаолиятни камайтиришда муҳим воситага айланмоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида амалга оширилган таҳлиллар натижасида минглаб корхоналарнинг ҳисобот маълумотлари қайта кўриб чиқилиб, салмоқли миқдордаги қўшимча солиқлар аниқланди. Бу ҳолат солиқ тизимида профилактик назорат тамойили кучаяётганини, шу билан бирга рақамли технологиялар орқали иқтисодий жараёнларни чуқур таҳлил қилиш имкониятлари кенгайганини кўрсатмоқда.
Мазкур жараёнлар нафақат бюджет тушумларини ошириш, балки бизнес субъектлари ўртасида ҳисобот интизомини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётда шаффоф муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ушбу механизм орқали корхоналарнинг ҳисобот маълумотлари замонавий рақамли таҳлил усуллари асосида қайта кўриб чиқилди. Натижада 42 минг 556 та корхона томонидан қайта ҳисоботлар тақдим этилди ва жами 869,4 миллиард сўм қўшимча солиқлар ҳисобланди.
Таҳлиллар иқтисодиётнинг бир қатор йирик тармоқларида ҳисоботлар ва реал фаолият ўртасида сезиларли фарқлар мавжудлигини кўрсатди. Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш — 386,6 миллиард сўмни ташкил этган. Ишлаб чиқариш 240 миллиард сўм, қурилиш 158,4 миллиард сўм, транспорт 40 миллиард сўм, қишлоқ хўжалиги 33 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Мазкур кўрсаткичлар айрим тармоқларда ҳисобот интизоми ва молиявий шаффофликни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, текширувдан олдинги таҳлиллар анъанавий солиқ текширувларидан фарқли равишда профилактик ёндашувга асосланган бўлиб, у ҳисоботлардаги хатоларни олдиндан аниқлаш ва тузатиш, корхоналарга ўз-ўзини ихтиёрий равишда тўғрилаш имконини бериш, ортиқча маъмурий босимни камайтириш, рақамли технологиялар орқали назорат самарадорлигини ошириш имкониятларини яратади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА