Олий суд тадбиркор манфаатини ҳимоя қилди
Аукцион орқали ер майдонини ижара ҳуқуқи асосида сотиб олган тадбиркорга нисбатан қўйилган қарийб 3,2 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги нобудгарчилиги даъвоси Олий суд томонидан рад этилди.
Олий суд судьяси И.Таджиев раислигида ўтган суд мажлисида Бизнес-омбудсман томонидан “S.M.S.K.” МЧЖ манфаатида киритилган тафтиш шикояти кўриб чиқилиб, тўлиқ қаноатлантирилди.
Аниқланишича, Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан 2024 йил 27 август куни аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер майдони учун кейинчалик қарийб 3,2 миллиард сўм миқдорида қишлоқ хўжалиги нобудгарчилигини ундириш талаби билан судга мурожаат қилган. Қуйи инстанция судлари ушбу даъвони қаноатлантирган.
Бироқ ишни ўрганиш жараёнида ҳуқуқий жиҳатдан муҳим ҳолатларга эътибор қаратилди. Хусусан, Ер кодексининг 28 ва 87-моддаларига аукцион орқали ер сотиб олган шахслардан ҳам нобудгарчилик суммасини ундиришни назарда тутувчи ўзгартишлар 2025 йил 5 майда қабул қилинган ЎРҚ – 1062-сон қонун билан киритилган. Тадбиркор эса ер майдонини ушбу ўзгаришлар кучга киришидан аввал 2024 йилда сотиб олган.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасига мувофиқ, янги талабларни орқага қайтариб қўллаш қонунга зид ҳисобланади.
Шунингдек, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, виждонан ҳаракат қилувчи тадбиркорнинг давлат ҳужжатига бўлган ишончи қонун билан муҳофаза қилинади. Аукцион ҳужжатлари ҳамда олди-сотди шартларида қўшимча тўлов ёки нобудгарчилик суммаси назарда тутилмаган.
Олий суд Бизнес-омбудсман келтирган далилларни инобатга олган ҳолда, қуйи инстанция судлари қарорларини бекор қилди ва қишлоқ хўжалиги бошқармасининг МЧЖдан 3,2 миллиард сўм ундириш ҳақидаги даъвосини рад этди.
Мазкур қарор тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқий ишонч тамойилининг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири