Қайси давлатларда ўзбекистонлик мутахассисларга талаб юқори? (+видео)
Хорижда ишлашни истаган фуқаро учун энди манзилнинг ўзи етарли мезон эмас. Бугун меҳнат бозорида иш ҳақи, меҳнат шароитлари, касбларга бўлган талаб ва ишлаш учун яратилган имкониятлар каби омиллар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Миграция агентлиги ташқи меҳнат бозорларини ўрганишда айнан шу омилларга таяниб, юқори даромадли ва истиқболли йўналишларни аниқлашга эътибор қаратмоқда.
Айрим мамлакатларда ишчи кучи танқислиги сезилса-да, номзод учун “эшиклар” автоматик равишда очилмайди. Тил билими, касбий тайёргарлик, сертификат, иш тажрибаси ва виза талаблари халқаро меҳнат бозоридаги рақобатни белгилайди. Шунинг учун бугун “қаерга бориш мумкин?”дан кўра “қайси касб билан бориш фойдали?” деган савол муҳимроқ.
Жозибадор даромад ваъда қилинган вакансиялар эса алоҳида эътибор талаб қилади. “Ойлиги 3-4 минг доллар” деган таклифга дуч келган шахс иш берувчи, шартнома, солиқлар, иш вақти, яшаш харажатлари ва бошқа шартларни текширмасдан қарор қабул қилмаслиги керак. Текширилмаган эълон ортида нафақат молиявий зарар, балки ҳуқуқий муаммолар ҳам туриши мумкин.
Чет элда ҳуқуқ бузилганда эса фуқароларимиз ёлғиз қолмайди: Ўзбекистон Миграция агентлиги, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ўз ваколати доирасида кўмак кўрсатади.
Меҳнат бозорлари, юқори даромад келтирадиган касблар, сохта ҳужжат ва вакансиялардан қандай сақланиш мумкинлиги хусусида Ўзбекистон Миграция агентлигининг Халқаро рекрутинг ва иш ўринларини аниқлаш бошқармаси бош мутахассиси Абдулазиз Ҳакимов ҳамда Ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Алишер Қодиров билан суҳбатлашдик.
Кўрсатувни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JMZ4VTFGXrE" title="Qaysi davlatda o‘zbekistonlik mutaxassisga talab yuqori?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Ойбек Давронов (видео), ЎзА