Қашқадарёда санитария-гигиена лабораториясида 20 мингдан ортиқ таҳлил ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг санитария-гигиена лабораториясида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик суви, ташқи муҳит объектлари ҳамда меҳнат шароитлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лаборатория назорати мунтазам амалга оширилмоқда.
Лаборатория овқатланиш, коммунал ва меҳнат гигиенаси, токсикология ҳамда заҳарли кимёвий моддалар қолдиқларини аниқлаш йўналишларида фаолият юритади. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик суви, очиқ сув ҳавзалари, тупроқ, атмосфера ҳавоси, халқ истеъмоли моллари ва бошқа объектларнинг санитария-кимёвий таҳлиллари ўтказилади.
Аккредитациядан ўтган лабораторияда 70 дан ортиқ замонавий синов усули жорий этилган бўлиб, таҳлиллар халқаро талабларга мос замонавий ускуналарда амалга оширилади.
[gallery-30374]
Жорий йилнинг январь–июнь ойларида лабораторияда жами 20 минг 412 та таҳлил ўтказилди. Уларнинг 288 тасида санитария меъёрлари талабларига номувофиқлик аниқланиб, белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди.
Айни пайтда лабораторияда 40 нафар малакали мутахассис фаолият юритмоқда. Улар лаборатория назорати сифатини ошириш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилаётган таҳлилларни амалга оширмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА