Қарздор ота алимент тўловини олдиндан тўлади
Сирдарё вилоятида қарздор ота чет элга ишлаш учун чиқиш имкониятини қўлга киритиш мақсадида беш йиллик алимент тўловини олдиндан амалга оширди.
Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига кўра, қарздор Б.Ж.дан ундирувчи А.Ш. фойдасига вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида алимент тўловлари ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли қарздорнинг чет элга чиқиш ҳуқуқига вақтинча чеклов қўйилган.
Кейинчалик қарздор ишлаш мақсадида хорижга чиқиш истагини билдириб, давлат ижрочисига мурожаат қилди. Унга қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, алимент тўловини олдиндан амалга ошириш тартиби тушунтирилди.
Давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, беш йиллик алимент миқдори 140 миллион сўмни ташкил этди. Қарздор мазкур маблағни тўлиқ равишда олдиндан тўлади.
Натижада вояга етмаган фарзанднинг келгуси беш йиллик моддий таъминоти кафолатланди ҳамда қарздорнинг чет элга чиқишига нисбатан қўйилган вақтинчалик чеклов бекор қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири