Ўзбекистон - Грузия: Қўшма ишлаб чиқариш ва стратегик мақсадлар
Икки давлат ўртасида тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва қурилиш материаллари соҳаларида қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабат сўнгги йилларда мутлақ янги босқичга кўтарилди. Товар айирбошлаш барқарор ўсиб, ҳамкорлик нафақат тайёр маҳсулотлар савдоси, балки саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика уйғунлашуви кўринишида стратегик аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда икки давлат Ҳукуматлараро қўшма комиссияси маълумотига таянган ҳолда, ушбу ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари таҳлилига эътибор қаратиш жоиз.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги савдо айланмаси 117 миллион доллардан ошди. Икки томонлама стратегик режага мувофиқ, яқин истиқболда бу кўрсаткични 500 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Ҳозир юртимизда грузиялик сармоядорлар иштирокида фаолият юритаётган 69 қўшма корхонанинг 23 таси тўлиқ хорижий капитал асосида фаолият бошлаган.
Глобал таъминот занжири трансформацияси шароитида ўзаро шериклик умумий иқтисодий манфаатдорликнинг ёрқин намунасига айланмоқда. Мамлакатимиз учун Грузия Европа ва Қора денгиз портларига чиқиш имконини берувчи муҳим логистик кўприк ҳисобланса, ушбу ҳамкор давлат учун ўлкамиз Марказий Осиёнинг энг йирик ва жадал ривожланаётган бозори ҳамда ишлаб чиқариш хабидир.
Айни пайт тўқимачилик, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаларида умумий қиймати 30 миллион доллардан ошадиган истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тизимли иш олиб бориляпти.
Саноат кооперацияси: устувор йўналишлар
Икки давлат бизнес доиралари иштирокидаги қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари асосан юқори қўшилган қийматга эга тўрт муҳим тармоқни қамраб олган.
Тўқимачилик: Ўзбекистоннинг бой хом ашё базаси ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш салоҳияти Грузиянинг Европа Иттифоқи билан имзоланган Эркин савдо режими (DCFTA) имконияти билан бирлаштирилмоқда. Шу тариқа диёримизда ишлаб чиқарилган маҳсулот Грузия орқали Европа бозорига божсиз киради.
Озиқ-овқат: Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ва қўшма брендлар остида халқаро бозорга чиқариш бўйича агрологистик лойиҳалар ривожлантирилмоқда.
Фармацевтика: Ўзбекистон фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ҳудудида грузиялик сармоядорлар иштирокида дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокара ва лойиҳалар фаол босқичга ўтган.
Қурилиш: Замонавий қурилиш ва пардозлаш материаллари, энергия тежамкор технология асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ҳам ўзаро тажриба ва сармоя алмашинуви йўлга қўйилмоқда.
Стратегик мақсад – экспорт ва инвестиция: Саноат кооперацияси замирида мамлакатларимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга икки асосий мақсад ётади: Ўзбекистон транспорт йўлакларини диверсификация қилиш доирасида Грузиянинг Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Грузия орқали ўтувчи Транс-Каспий транспорт йўли – “Ўрта йўлак” бўйича ташилаётган юк ҳажми йилига 20-30 фоиз ортмоқда. Айни йўналиш ўзбек корхоналарига маҳсулотни Европа ва Шимолий Америка мамлакатларига анъанавий йўналишларга нисбатан анча қисқа вақтда етказиб бериш имконини тақдим этмоқда.
Грузия сармоядорларининг логистика, хизмат кўрсатиш ва юқори технологияли ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳити билан интеграция қилинмоқда. Мамлакатимизда сармоядорлар учун яратилган ҳамда лойиҳа ҳажмига қараб 3-10 йил оралиғида берилувчи солиқ ва бож имтиёзи грузиялик тадбиркорлар узоқ муддатли лойиҳалар учун маблағ киритишига замин яратмоқда.
Хуллас, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари шунчаки савдо алоқалари эмас, балки икки мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминловчи муҳим жараёнга айланмоқда. Қўшма корхоналар ташкил этилиши янги иш ўринлари яратиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА